Янатоннинг таваккули
―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――
Филистийлар билан тўқнашув
Толут тахтга ўтириб, мамлакатни бошқара бошлади. Уч минг одамни ҳарбий хизмат учун танлаб олди. Улардан икки минги ўзи билан Байтил ва Михмасда, мингтаси эса ўғли Янатон раҳбарлигида Бинямин вилоятидаги Гива шаҳрида эди.
Янатон бир куни йигитлари билан Жабъадаги филистийлар қароргоҳига ҳужум қилиб, уларни мағлуб қилди. Филистийлар орасида ғулғула кўтарилди.
Шунда Толут: «Ҳаммага хабар қилинглар, ҳеч ким эшитмай қолмасин!» деб бутун мамлакатга жар солдирди. Бутун Исроилдан одамлар келиб Гилгалда Толутнинг олдига тўпландилар.
Филистийлар уч мингта жанг араваси, олти мингта отлиқ ва сон-саноқсиз пиёда аскарлари билан Михмасга, Байт-Авеннинг шарқига келиб маҳаллий қишлоқларни талай бошладилар.
Аксарият исроилликлар уйларини тарк этиб, тоғларга, ғорларга, қабристону ертўлаларга яширина бошлади. Баъзилари Ўрдуннинг нариги соҳилига, Жилъод ва Жодга кетди.
Гилгалда ҳам Толутнинг лашкарлари орасида ваҳима бошланган, аскарлар сафни ташлаб, секин-секин ҳар тарафга қочаётган эди.
ТОЛУТНИНГ ўзича ҚУРБОНЛИК КЕЛТИРГАНИ
Сомуил пайғамбар Толутга: «Мен етти кун ичида келаман, Оллоҳ таолога қурбонлик келтирганимдан сўнг, филистийларга қарши жанг қиласан», деб тайинлаган эдилар.
Етти кун бўлди ҳам пайғамбардан дарак йўқ эди. Подшоҳ ниҳоят одамларига: «Қурбонлик қилинадиган ҳайвонларни олиб келинглар», деб буйруқ берди ва ўзи қурбонликларни сўйиб оловда куйдирди. Энди тугатаётган вақтда Сомуил пайғамбар келиб қолдилар.
«Ассалому алайкум!» деди Толут, у кишининг олдига пешвоз чиқиб.
«Нима қилиб қўйдинг?!» деб сўради Сомуил (а.с.).
«Қарасам, одамларим қочиб кетяпти, сиз ҳам айтилган вақтда келавермадингиз. Филистийлар Михмасда куч тўплаяпти, Гилгалга бостириб келса, мен Худога қурбонлик қилишга ҳам улгурмайман, деб ўйладим».
«Аҳмоқона иш қилдинг! – дедилар Сомуил пайғамбар Толутга. – Нега Худонинг амрига итоат этмадинг? Итоат этганингда Оллоҳ Исроил тахтини абадул-абад сенинг хонадонингга топширар эди. Энди эса Исроилга бошқа одам подшоҳлик қилади. Оллоҳ Ўзига маъқул бўлган бошқа бир инсонни танлади».
Шу гапларни айтиб, Сомуил (а.с.) Гилгални тарк этдилар. Толут эса, қолган лашкарини олиб, ўғли Янатоннинг олдига – Жабъага борди ва у ерда қароргоҳ қурди. Текшириб кўрсалар, Толутнинг қўл остида олти юз одам бор экан.
Филистийлар Михмасда қароргоҳ қурган эдилар. Улар босқинчилик қилиш учун Исроил қишлоқларига борар, бир гуруҳи шимолга – Ўфро томонга, бир гуруҳи ғарбдаги Байт-ҳорон йўлига, учинчи гуруҳи эса шарқдаги саҳро тарафда жойлашган қишлоқларга ҳужум қиларди.
ЯНАТОННИНГ ТАВАККУЛИ
Шундай қилиб, филистийлар қўшини Михмас кечувига келиб қароргоҳ қурган, Толут эса бу пайтда Гивада, шаҳар четидаги хирмон бўйида, анор дарахти остида ўтирган эди.
Қўл остида олти юз йигит хизматда, Силомда руҳонийлик қилган ҳазрати Алининг эвараси, Ахтубанинг ўғли руҳоний Ахия ҳам шу ерда эди.1
Ўша пайтларда Исроилда темирчи бўлмаган. Филистийлар исроилликлар ўзларига қилич ё найза ясамасин, деб бутун Исроил ерида бирорта ҳам темирчи қолдирмаган эди.
Омоч тишини, болта, ўроқ ва чўкичларини ўткирлаш учун улар филистийларнинг олдига борар, ҳар бири учун белгиланган нархда пул тўлар эдилар.
Шу сабабдан уруш бошланган пайтда Толут ва Янатондан бошқа ҳеч кимда қилич ҳам, найза ҳам йўқ эди.
Бир куни Толутнинг ўғли Янатон отасига ҳеч нарса демай, қуролбардорини олиб филистийлар лашкари турган жойга равона бўлди.
Бозаз билан Сенеҳ деб аталган икки қоянинг орасидаги дарани кесиб ўтганларидан кейин қуролбардорига: «Юр, Оллоҳга таваккал қилиб, хатнасизлар олдига борамиз. Оллоҳ истаса, камчиликни ҳам ғалабага эриштиради», деди.
«Нима десангиз, шу, – деб жавоб берди қуролбардори. – Қаёққа десангиз, мен сиз билан биргаман».
«Ҳозир улар кўрадиган жойга ўтамиз, – деди Янатон. – Агар, “Тўхтанглар, биз олдингизга борамиз,” деса, юқорига чиқмаймиз. Агар, “Бу ёққа чиқинглар”, деса, демак Худо уларни бизга таслим қилган: тепага чиқиб уларни ўлдирамиз».
Филистий соқчилари уларни кўргач: «Ана, исроилликлар беркинган инларидан чиқишни бошлабди», деб мазах қилиб кулдилар. Кейин: «Бу ёққа чиқинглар-чи, бир гаплашиб қўяйлик», дейишди.
Янатон қуролбардорига: «Кетдик, орқамдан юр, Оллоҳ уларни бизга таслим қилмоқчи», деди-да тепага тирмашиб чиқди.
Қуролбардори ҳам унинг орқасидан эргашди. Янатоннинг қиличидан филистийлар бирин-кетин ер тишлар, ҳали ўлмаганларини қуролбардори тинчитаётган эди. Янатон ўша ерда бирин-кетин йигирматача филистийни ўлдирди.
Шу вақт бутун филистийлар қўшинини ваҳима босди: қароргоҳда турганлар ҳам, соқчилар ҳам, қирдагилар ҳам даҳшатга тушди. Ер ҳам титраб, зилзила туриб, филистийлар қаттиқ қўрқиб кетдилар!
Филистийларнинг мағлуб бўлиши
Толутнинг соқчилари душман лашкарининг ҳар томонга қочаётганини кўриб, подшоҳга хабар бердилар.
Подшоҳ: «Одамларни тўпланглар! Қаранглар, ҳамма шу ердами?» деб буйруқ берди. Текширувда Янатон билан қуролбардори йўқлиги маълум бўлди.
Шунда Толут Ахияни чақириб: «Аҳд сандиғини олиб кел. Худодан сўра-чи, нима қилишимиз керак?» деди. 2
Аммо филистийлар қароргоҳида қий-чув яна-да авжига чиққанини кўриб, Ахияни тўхтатди ва одамларини олиб, наъра тортиб филистийларга қарши жангга кирдилар.
Филистийлар қўрқувдан бутунлай ўзларини йўқотган, саросимага тушиб, бир-бирини ўлдираётган эдилар.
Улар тарафда жанг қилаётган ёлланма аскарлар уларни ташлаб, Бани Исроил томонга ўтиб кетди.
Афройим тоғида яшириниб ётган исроилликлар ҳам, филистийларнинг қочаётганини эшитиб, бекиниб турган ерларидан чиқиб, жанг қилаётган юртдошлари сафига қўшилдилар.
Ўша куни жанг то Байт-Авен ерига етгунча давом этди – Оллоҳнинг нусрати билан Бани Исроил омон қолди.
ТОЛУТНИНГ БОШҚА ХАЛҚЛАР БИЛАН ҚИЛГАН ЖАНГЛАРИ
Толут подшоҳ бўлган вақтда мўобликлар, амўнийлар, эдўмийлар, Сова подшоҳлари, филистийлар ва амолиқлар ҳар тарафдан Бани Исроилни талаётган эдилар.
Толут уларнинг ҳар бири билан жанг қилди, ҳар сафар жангда Толутнинг қўли устун чиқди. Ҳатто Амолиқни ҳам тор-мор келтириб, Бани Исроилни талончилар қўлидан буткул халос қилди.
ТОЛУТНИНГ ЯҚИНЛАРИ
Толутнинг Янатон, Яшви ва Малкишу деган уч ўғли, Мироба ва Михола деган икки қизи бўлган. Хотинининг исми Ахиноам Ахимааз қизи эди. Лашкарбошиси Абнур эса Толутга амакивачча бўлган.3
Толут подшоҳлик қилган даврда Бани Исроил ҳар доим филистийлар билан жанг қилиб келган. Шу сабабдан Толут қачон бирорта кучли ботир йигитни кўрса, уни дарров ўз хизматига олар эди.