Пайғамбарлар тарихи

Толутнинг ўзбошимчалиги

―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――

«ҲЕЧ КИМНИ ТИРИК ҚОЛДИРМА!»

Бир куни Сомуил пайғамбар Толутнинг олдига келиб бундай дедилар:

«Оллоҳнинг амри билан мен сени подшоҳликка масҳ қилган эдим. Энди Унинг каломига қулоқ сол.

“Мен Амолиқ халқини мажозот қи­ла­ман! – дейди Исроил лашкарининг Худоси. – Бани Исроил Мисрдан чиққанида амо­лиқ­лар сизларга ҳужум қилган. Энди сен Амо­лиққа қарши ҳужум қил! Эркагу аёл, кат­таю кичик ҳеч кимни аяма! Ҳўкизидан тор­тиб қўйигача, туясидан тортиб эшаги­га­ча ҳаммасини нобуд қил!”»

Шундан сўнг Толут ҳамма ёққа элчи юбориб, одамларни Талойим шаҳрига келишга даъват қилди. Ҳаммаси бўлиб икки юз ўн минг пиёда жангчи йиғилди.1

Кейин подшоҳ қўшини билан Амолиқ ша­ҳар­ларидан бирига яқин келиб, қў­ши­ни­ни бир дарага жойлаштирди ва ўша ерда яшай­ди­ган кенитликларни:

«Амо­лиқ­лар ора­си­дан чиқиб кетинг­лар, бўлмаса улар билан бирга ҳалок бўласизлар. Бани Ис­ро­ил Мисрдан чиққан пайтда сизлар бизга ях­ши­лик қилган эдингизлар», деб огоҳлан­тир­ди.

Кенитликлар кетгач, Толут Амолиққа ҳу­жум қилиб, уларни Ҳавиладан Миср шар­қи­даги Шургача бўлган ҳудудда тор-мор қилди. Амолиқлар подшоҳи Ажожни асир олди, қолганларни битта қўймай қи­лич­дан ўт­казди. Ҳайвонларнинг заиф ва май­да­ла­ри­­ни ўлдириб, яхшиларини эса ўз­лари билан олиб кетдилар.

Толутнинг рад этилиши

Шунда Оллоҳ таоло Сомуил пайғамбарга: «Мен Толутни подшоҳликдан маҳрум қи­ла­ман, у Мендан юз ўгирди, айтганларимни бажармади», деб ваҳий юборди.

Сомуил пайғамбар буни эшитиб, кўп мутаассир бўлдилар. Бутун кечани Оллоҳга нола қилиш билан ўтказдилар. Кейин саҳар ўрнидан туриб, Толутнинг олдига йўл ол­ди­лар.

Борсалар, у Кармилга кетган экан. Эриш­ган ғалабаси учун у ерда ёдгорлик ўр­на­тиб, кейин Гилгалга кетибди. Сомуил пай­ғам­бар кейин Гилгалга бордилар.

Толутни учратиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, под­шоҳ:

—Мен Худонинг амрини адо этдим! — деди.

—Адо этдинг?! Унда нега қулоғимга қўй­лар­нинг маъраши, молларнинг мўъраши эши­ти­ляпти? — деб сўради пайғамбар.

—Булар йигитларим амолиқлардан олган моллар, – деди подшоҳ. – Энг сара қўй-сигирларни Оллоҳга қурбон қиламиз, деб олиб қолишди. Лекин бошқа бирон нарсани тирик қолдирганимиз йўқ.

—Тўхта, – дедилар пайғамбар, – мен сенга Оллоҳ бугун тунда нима деганини айтай.

—Айтинг, — деди Толут.

“НИМА МУҲИМроқ: ҚУРБОНЛИКми Ё ИТОАТ?”

«Сен ўзингни ҳеч ким эмасман, деб юрганингда ким сени Исроил устидан под­шоҳ­ликка масҳ этди? Оллоҳ эмасми? – дедилар ҳазрати Сомуил. – У сенга: “Бориб фосиқ амолиқларни йўқ қил, улардан ҳеч кимни тирик қолдирма!” деб амр қилган эди. Нега амрини адо этмадинг? Нега ўлжага ташланиб, Оллоҳнинг қаҳрини келтирдинг?»

«Мен Оллоҳнинг айтганини қилдим! – деб жавоб берди подшоҳ. – Амолиқларга ҳужум қилдим, подшоси Ажожни асир олдим, халқини қиличдан ўтказдим. Йигитларим Оллоҳга қурбонлик қилайлик, деб йўқ қилиш керак бўлган ҳайвонларнинг энг яхшиларини Гилгалга олиб келишди».

«Худога нима маъқул: қурбонликми ёки итоат? – деб сўрадилар Сомуил пайғамбар. – Итоат этиш қурбонлик келтиришдан, бўй­суниш қўчқорлар чарвидан афзал. Чунки исён жодугарлик билан, саркашлик бутпа­раст­лик билан тенг. Оллоҳнинг амрини рад эт­ганинг учун, У сени подшоҳликдан рад этди».

«Мен гуноҳ қилдим, – деди Толут. – Одамлардан қўрқиб, Оллоҳнинг амрини, сизнинг сўзингизни бажарганим йўқ. Одамларнинг гапига кирдим. Гуноҳимдан ўтинг, бирга ибодатга борайлик!»

«Йўқ! Мен сен билан бормайман! Сен Оллоҳ­нинг гапини рад қилдинг, Оллоҳ под­шоҳ­ликни сендан рад қилди», дедилар Сомуил пайғамбар ва кетиш учун ор­қа­си­га бу­рил­дилар.

Толут тўхтатаман деб, кийи­ми­­нинг баридан ушлаган эди, этаги йиртилиб қўлида қолди.

Сомуил пайғамбар: «Бугун Оллоҳ Исроил подшоҳлигини сенинг қўлингдан йиртиб олиб, сендан яхшироқ бир юртдошингга берди, – дедилар, – Оллоҳ азза ва жалла ёлғон гапирмас, гапидан қайтмас. У инсон эмаски, гапидан қайтса».

«Мен гуноҳ қилдим, тўғри, – деди Толут, – лекин оқсоқоллар олдида, Исроил олдида ҳурматимни қилиб, мен билан ибодатга боринг, илтимос».

Бирга ибодатга бордилар, Толут ибода­ти­ни адо этди, кейин Сомуил ҳазратлари: «Амолиқ шоҳи Ажожни олиб келинглар», деб амр қилдилар.

Ажож қўрқувдан титрар, ўлим аччиқ бўлса керак, деб ўйларди.

Сомуил пайғамбар: «Сенинг қиличинг она­­ларни фарзандларидан жудо қиларди. Энди сенинг онанг ҳам фарзандидан жудо бў­ла­­ди», деб саждагоҳ олдида уни чопиб ўл­дир­ди. Сўнг Рамадаги уйига кет­ди­лар. Толут ҳам Гивага, уйига равона бўлди.

Шу-шу, ҳазрати Сомуил, қанчалик Толут учун ичи куймасин, то умрининг охиригача у билан бошқа юз кўришгани йўқ.