Пайғамбарлар тарихи

Довуд алайҳис-салом қиссаси

«Батаҳқиқ, Биз баъзи пай­ғам­бар­ларни баъ­зи­ла­ри­дан афзал қилдик. Ва До­вуд­га За­бур­ни бер­дик» (Ис­ро сураси 55).

«Байтлаҳмга бор!»

Оллоҳ таоло Толутдан норози эди. Бир куни У Сомуил пайғамбарга:

«Қа­чон­гача Толут учун мотам тутасан? Мен уни под­шоҳ­ликдан рад этдим, – деди. – Шох­қадаҳингга ёғ қуйиб, Байтлаҳмга, Ийшаа­нинг уйига бор. Мен унинг ўғил­ла­ридан бирини подшоҳликка тан­ла­дим».

«Қандай бораман? – дедилар Сомуил (а.с.). – Толут эшитса мени ўлдиради».

«Ўзинг билан бир ғунажин ол, – деди Оллоҳ. – Сўраганларга қурбонлик қилиш учун келдим, дейсан. Кейин Ийшаани қурбонликка чақир, ўша ерда Мен сенга нима қилишни айтаман. Мен кўрсатган ўғлини подшоҳликка масҳ этасан».

Шундан сўнг Сомуил пайғамбар Байт­лаҳм шаҳ­рига келдилар. Шаҳар оқсо­қол­ла­ри пеш­воз чиқиб хавотир билан:

«Тинч­ликми? Бирон нарса бўлдими?» деб сў­ра­ди­лар.

«Тинчлик, – деди пайғамбар , – Қур­бон­лик сўйиш учун келдим. Покланиб, мен билан бирга қурбонликка борасизлар». Ийшаа­га ҳам ўғилларинг билан бирга пок­ла­ниб, қурбонгоҳга кел, деб тайинладилар.

«Инсон зоҳирига қарайди...»

Ийшаа ўғиллари билан келгач, Сомуил (а.с.) унинг тўнғич ўғли Алиёбни кўриб: “Худо мана шу йигитни танлабди-да”, деб ўй­ла­дилар.

Бироқ Оллоҳдан: «Унинг ҳусни ва бўйига қарама, – деган хабар келди, – Мен танлаган у эмас. Инсон инсоннинг зоҳирига қарайди, Мен эса ботинига қарайман», деди.

Кейин Ийшаа Абунадоб деган ўғлини Сомуил (а.с.) нинг олдига келтирди. «Бу ҳам Худо танлагани эмас», дедилар пайғамбар.

Кейин Шаммоҳ деган ўғли келди. «Бу ҳам Худо танлагани эмас», дедилар ҳазрати Сомуил.

Шундай қилиб, Ийшаа етти ўғлини Сомуил пайғамбарнинг олдидан ўтказди, еттиси ҳам Худо айтган одам эмас эди.

«Ўғилларинг ҳаммаси шуми?»1

«Кич­ки­на­миз ҳам бор, ҳозир даштда қўй боқяп­ти», деди Ийшаа.

«Тез одам юбор, чақир, – деб буюрдилар пайғамбар, – То келмагунча ма­росимни бошламаймиз».

Отаси одам юбориб, кенжа ўғлини чақир­тириб олиб кел­ди. Унинг исми Довуд бўлиб, хушқомат, юзи ва кўзлари чиройли бир йигит эди.

Оллоҳ таоло Сомуил пайғамбарга: «Тур, уни подшоҳликка масҳ эт, Мен танлаган подшоҳ мана шу», деди.

Сомуил пайғамбар зайтун қуйилган шохқадаҳни олиб, ака­ла­рининг олдида Довуднинг бошига зайтун мойи суркадилар. Ўша кундан бошлаб Оллоҳнинг қудрати ҳамиша унга ёр бўлди.

Паҳлавон Жолут

Бир куни филистийлар жанг қилиш учун Яҳузияга келдилар. Сўхў билан Азика ўр­та­сидаги Эфес-Дамимда қароргоҳ қур­ди­лар.

Толут ҳам Элоҳ дарасида лашкар тўплаб, жангга тайёргарлик кўра бошлади. Бир тепалик устида филистийлар, қар­ши­да­ги тепалик устида исроилликлар жой­лаш­ган, икки қўшинни ўртада дара аж­ра­тиб турган эди.

Филистийлардан бўйи олти тирсагу бир қарич бўлган баҳайбат бир жатлик жангчи ўртага чиқди.

Унинг исми Жолут бўлиб, бошига бронзадан дубулға кийган, устида беш минг мисқолли2 бронза совут, оёқларида бронзадан зирҳ, орқасида эса бронза қилич осилган эди.

Қўлига учидаги темирининг ўзи олти юз мисқол3 келадиган дастаси йўғон найза ушлаган, қалқонини эса олдидаги қуролбардори кўтариб олган эди.

«Нега уруш қиламиз деб сафга чиқдинг­лар? – деб ҳайқирди Жолут. – Мен фи­лис­тий­ман! Сизлар-чи? Толутнинг малай­ла­ри­сиз! Орангизда мен билан олишади­ган мард бор­ми? Чиқсин майдонга! Агар мени ўл­дир­са биз сизларга қул бўламиз, мен ўл­дир­сам сизлар бизга қул бўласизлар. Бу­гун мен Исроил қўшинини шарманда қи­ла­ман! Оли­ша­ман деган мард бўлса бу ёққа чиқ­син!»

Унинг гапларини эшитиб, Толут ҳам, Ис­ро­ил аскарлари ҳам ваҳимага тушдилар. Филистий қирқ кун мобайнида ҳар куни эрталаб ва кечқурун ўртага чиқиб, ўзини кўрсатар эди.

Ҳазрати Довуднинг Жолут билан жангга чиққани

Байтлаҳмлик Ийшаа анча ёшга бориб қолган эди. Унинг уч катта ўғли – Алиёб, Абунодоб ва Шаммоҳ Толут билан бирга урушга кетган, кенжаси-саккизинчи ўғли Довуд эса отасининг қўйларини боқаётган эди.

Бир куни Ийшаа Довудга: «Акаларингдан хабар олиб кел, – дейди. – Мана бу қо­ву­рилган бир чора дон билан ўнта нонни ака­ларингга олиб бор. Мана бу ўнта пиш­лоқни мингбошига берасан. Ака­ла­ринг­га салом айт».

Довуд (а.с.) эрталаб вақтли туриб, қўйлар­ни қоровулга топширдилар-да, отаси берган нарсаларни олиб, қароргоҳга кетдилар.

Етиб келганларида Исроил қўшини жанг шиор­ла­рини ҳайқириб, сафга тўп­ла­на­ёт­ган эди. Даранинг бир тарафида Бани Исроил қўшини, иккинчи тарафида фи­лис­тийлар.

Довуд олиб келган нар­са­ларини карвон қў­риқ­чисига бериб, саф­­даги акаларининг ол­дига югуриб бор­ди­лар. Ҳол-аҳвол сўра­шиб тур­ган­ла­ри­да филистий Жолут яна ўр­тага чиқиб, ҳар доимгидек Бани Ис­ро­ил­ни таҳқирлай бошлади.

Исроилликлар ваҳимада эди.4 Бир-бир­ла­ри­га: «Ана у одамни кўряпсанми? Ким уни ўлдирса подшоҳ уни ўзига куёв қилиб, катта бойлик берар эмиш. Кейин уларнинг хо­на­до­ни ҳар қандай солиқдан озод бўлар экан!» дер эдилар.

Довуд (а.с.) ёнидагилардан: «Бу фи­лис­тий­ни ўлдириб, Исроилни исноддан қут­қа­ра­­ди­ган одамга нима берилади? – деб сўра­дилар. – Ким экан бу кестирилмаган, тирик Худонинг лашкарини ҳақорат қи­ла­ди!»

Шунда аскарлар у кишига фи­лис­тий­ни ўлдирган одамга нима муко­фат­лар бери­ли­шини айтдилар.

Алиёб, укаси аскарлар билан гап­ла­ша­ёт­га­нини кўриб аччиғланиб деди: «Сенга бу ерда нима бор? Қўйларни ким­га ташлаб кел­динг? Шум ниятингни се­зиб турибман, сен бу ерга фақат уруш­ни томоша қилиш учун келгансан».

«Нима қилдим? Сўрашга ҳам бўлмай­ди­ми?» дедилар Довуд (а.с.), кейин бошқа бир ас­кар­га ҳам ҳалиги саволни бердилар, у ҳам худди шундай жавоб берди.

Ҳадемай Довуд (а.с.) нинг гаплари подшоҳнинг қу­ло­ғи­га ҳам етиб келди.

«Ўша йигитни менинг олдимга олиб ке­линг­лар», деб буйруқ берди Толут.