Довуд (а.с.) Жолутни ўлдиради
―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――
Подшоҳнинг ҳузурида
Довуд (а.с.) келиб: «Ҳазратим, бу филистийни деб руҳингиз тушмасин, мен у билан жангга тушаман», дедилар.1
«Сенинг кучинг етмайди, – деди подшоҳ. – Ҳали ёшсан, у эса урушда суяги қотган тажрибали жангчилардан».
«Мен чўлда отамнинг қўйларини боқиб юрганимда баъзан шер, баъзан айиқлар келиб сурувдан қўй тортиб кетарди, – дедилар Довуд (а.с.). – Ўшанда мен уларнинг изидан қувиб бориб, қўйимни уларнинг оғзидан тортиб олар эдим. Менга ҳужум қиладиган бўлса, ёлидан ушлаб уриб ўлдирардим. Шерниям, айиқниям ўлдирганман, бу кестирилмаган ким бўлибди тирик Худонинг лашкарини ҳақорат қилади?! Мени шеру айиқ чангалидан асраган Оллоҳ, бу филистийдан ҳам асрайди».
Шундан сўнг Толут: «Майли, бор, Оллоҳ сенга ёр бўлсин!» деди ва эгнидаги жанг либосини ечиб, Довуд (а.с.) га берди. Бошига бронза дубулға, эгнига совут кийдирди.
Лекин Довуд (а.с.), подшоҳнинг қилич осилган камарини совут устидан боғлаб, у ёқдан-бу ёққа юриб кўрдилар-да: «Мен буларни киймайман, ўрганмаганман», деб ечиб ташладилар.
Кейин сойдан бешта силлиқ тош териб, чўпон халтасига солдилар, таёғи билан палахмонини қўлларига олиб Жолутга қарши майдонга тушдилар.
Жолутнинг мағлуб бўлгани
Филистий ҳам қалқон кўтарган қуролбардори билан Довуд томон юрди ва “мен билан олишишга чиққан ким экан”, дегандек у кишига бошдан-оёқ разм солди.
Довуднинг ҳали жуда ёш эканини кўриб менсимади. Кейин таёғини кўриб:
«Нима, мен сенга итманми, олдимга таёқ кўтариб келдинг, – деб худоларининг номи билан у кишини қарғади. – Кел, келавер, ҳозир гўштингни тилкалаб, кўкдаги қушларга, даштдаги ҳайвонларга ем қиламан!»
Довуд алайҳиссалом эса бунга жавобан дедилар:
«Сен менга қарши найза ва қилич билан чиқдинг, мен эса сен ҳақорат қилган Оллоҳ номи билан, Исроил лашкарининг Худоси номи билан чиқдим, – деб жавоб бердилар. – Оллоҳнинг ёрдами билан мен бугун бошингни оламан. Филистийлар жасадини кўкдаги қушларга, ердаги ҳайвонларга едираман. Шунда бутун ер юзи Исроилда Худо борлигини билиб олади.
Эй оломон! Нажот – қиличу найзадан эмас, балки Оллоҳдан келади! Чунки бу жанг – Оллоҳнинг жанги, У бугун душманларимизни қўлимизга таслим қилади!»
Жолут олдинга ташланди. Довуд (а.с.) ҳам югуриб чиқиб, халтасидан тош олиб, палахмонга солиб отдилар.2
Тош бориб Жолутнинг пешанасига қадалди. Филистий паҳлавон ўша он ерга юзтубан йиқилди.
Шундай қилиб ҳазрати Довуд, ўша куни филистийни бир дона тош билан мағлуб қилдилар. Жангга чиққанларида қўлларида қиличи ҳам йўқ эди.
Кейин югуриб бориб, ёвни ўз қиличи билан ўлдирдилар, калласини танидан жудо қилдилар.
Филистийлар лашкари Жолутнинг ўлганини кўриб, жанг майдонини ташлаб ҳар томонга қоча бошладилар. 3
Исроил қўшини ғолибона қийқириқ билан уларни то Жат ва Аккаронгача таъқиб қилиб борди. Бутун Шаарим йўли бўйлаб филистийлар жасади ёйилиб ётган эди.
Таъқиб қилиб бўлгач, Бани Исроил ортга қайтиб, душман қароргоҳини талон-тарож қилди.
Довуд (а.с.) ҳарбий хизматда
Довуд филистий билан жангга чиқаётганида Толут, лашкарбошиси Абнурдан: «Бу йигит кимнинг ўғли?» деб сўраган эди.
«Ҳазратим, билмайман!» деб жавоб беради Абнур. «Бил», дейди подшоҳ.
Довуд (а.с.) филистийни енгиб, калласини олиб келаётганларида Абнур у кишини подшоҳнинг олдига бошлаб келди.
«Кимнинг ўғлисан?» деб сўради Толут.
«Байтлаҳмлик Ийшаанинг», деб жавоб бердилар Довуд алайҳис-салом.
Подшоҳнинг ўғли Янатон Довудга кўнгил боғлаб, уни ўзини яхши кўргандай яхши кўриб қолган эди. Шунга у билан аҳд боғлаб, устидаги кийимини, белидаги камарини, совутини, қилич-камонини у кишига совға қилди.
Ўша кунги ғалабадан сўнг Толут Довуд (а.с.) ни ўз ёнида сақлади, отасининг уйига қайтишига рухсат бермади.
Қаерга жўнатмасин, ҳазрати Довуд ҳар бир жангдан ғалаба билан қайтар эдилар.
Шундан сўнг Толут, у кишини Исроил қўшинига саркарда қилиб тайинлади. Халққа ҳам, амалдорларга ҳам бу нарса маъқул эди.