Пайғамбарлар тарихи

Подшоҳлик шартлари

―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――

«ЭНДИ СИЗЛАРНИ ПОДШОҲ БОШҚАРАДИ»

Кейин Сомуил (а.с.) халққа: «Мана, айтга­нин­гиз­дек сизлар учун подшоҳ тайинладим, энди сизларни подшоҳ бошқаради, – дедилар. – Мен ёшликдан халққа раҳбарлик қилдим. Энди қариб, соч-соқолим оқарди, ўғилларим ҳам вояга етди. Мана, Оллоҳ­нинг олдида, Оллоҳ масҳ этган подшоҳ олдида айтинглар: бирортангизнинг ҳўкиз ё эшагингизни олдимми? Кимни алдадим? Кимга зулм қилдим? Ё кимдан пора олиб, ўзимни кўрмасликка солдим? Айтинглар! Агар бирор нарса олган бўлсам қайтарай», дедилар.

«Сиз ҳеч қайсимизни алдаганингиз ё зулм қилганингиз йўқ. Ҳеч кимдан ҳеч нарса олмагансиз», деб жавоб беришди одамлар. «Гапингизга Оллоҳнинг Ўзи ва У масҳ қилган подшоҳ шоҳидми?» «Ҳа, шоҳид!» деб жавоб беришди одамлар.

«Энди гапимни эшитинг, – дедилар ҳазрати Сомуил. – Мен Оллоҳнинг биз учун, ота-боболаримиз учун қилган ишларини сизларга эслатай.

Яъқуб пайғамбар Мисрга бор­ган­лари­дан сўнг оталаримиз мисрлик­лар зулмидан нола қилганда, Оллоҳ суб­ҳо­наҳу ва таоло Мусо ва Ҳорунни юбориб, уларни Мисрдан олиб чиқди, мана шу юртга олиб келиб жойлаштирди.

Лекин оталаримиз Оллоҳни унутди, оқибат филистийларнинг, канъонлик Сисаронинг, Мўоб подшосининг зулмига гирифтор бўлишди. Кейин Худога: “Парвардигоро, биз гу­ноҳ­кор бўлдик, Сендан юз ўгириб, баал ва асторишларга сиғиндик. Энди фақат Сенга ибодат қиламиз, бизни душмандан қутқар!” деб нола қилдилар.

Оллоҳ таоло ҳар сафар ҳакамлар тайин қилиб, Ёруболнинг, Баракнинг, Ёффайнинг ҳамда менинг раҳнамолигимда сизларни душманлардан озод қилди. Бехавотир яшанглар, деб ҳифзу ҳимоясига олди.

Бутун мана шу вақт ичида бизнинг подшомиз Оллоҳ таолонинг Ўзи эди. Лекин амўнлик Наҳаш юртимизга ҳужум қиладиган вақтда сизлар: “Йўқ, бизни подшоҳ бошқарсин”, деб туриб олдингизлар. Мана, қаршингизда ўзингиз тилаган, ўзингиз сайлаган подшоҳ: Худо сизларга подшоҳ тайин қилди.

Агар Оллоҳдан қўрқсангиз, Оллоҳга сиғинсангиз, амрларидан бўйин товламанг. Сизлар ҳам, сизни бошқарувчи подшоҳингиз ҳам Ҳақ йўлидан юрсин. Оллоҳга қулоқ солмасангиз, амр­ла­рига итоат этмасангиз, Уни ўзингизга қарши қиласиз.

Энди Оллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлинглар. Ҳозир ғалла ўрадиган пайт эмасми? Лекин мен Худодан момақалдироқ ва ёмғир юборишини сўрайман. Шунда ўзингизга подшоҳ тилаб катта гуноҳга ботганингизни биласиз».

ОСМОНДАН БЕРИЛГАН АЛОМАТ

Сомуил пайғамбар дуо қилган эдилар, осмонга булут йиғилиб, момақалдироқ гумбурлади, жала қуйди.

Одамлар лол қолган, ҳамманинг ичида Оллоҳдан ҳамда Сомуил пайғамбардан қўрқув пайдо бўлган эди.

Ке­йин пайғамбарга: «Биз учун дуо қилинг, ўзи­мизга подшоҳ сўраб, гуноҳимизга гу­ноҳ қўшибмиз. Оллоҳдан мағфират ти­ланг, бизни ҳалок қилмасин», деб ялиндилар.

«Қўрқманглар! – дедилар Сомуил (а.с.). – Гуноҳ қилдингиз, лекин шундай бўлса ҳам Оллоҳдан юз ўгирманг. Сидқидилдан Унга хизмат қилинг. Ёрдаму нажот беролмайдиган ҳар хил беҳуда нарсаларга эргашманг.

Оллоҳ таоло Ўз танлаган халқини ҳамиша муҳофаза қилади, токи ҳамма Унинг улуғ­ли­гига амин бўлсин. У сизларни ташлаб қўй­майди.

Мени ҳам, ҳаққингизга дуо қи­лмай гуноҳга ботишдан Худо ас­ра­син.

Бундан кейин ҳам сизларни тўғри йўлда юришга даъват қиламан. Фақат Оллоҳдан қўрқинглар, садоқат билан Унга хизмат қилинглар! Кўрсатган азим ка­ро­мат­ларини эсдан чиқарманг. Лекин гуноҳ қилишни давом эттирсангиз, ўзингиз ҳам, подшоҳингиз ҳам ҳалок бўласизлар».