Толут ҳам набими?
―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――
Пайғамбарлар сафида зикр тушгани
Сомуил (а.с.) нинг ҳамма айтганлари ўша куни амалга ошди. Оллоҳ таоло Толутни янги одамга айлантирди. Гивага келиши билан пайғамбарлар гуруҳига дуч келдилар ва Толут ҳам уларга қўшилиб зикр туша бошлади.
Уни танийдиган одамлар ҳайрон бўлиб: «Толутга нима бўлди? Наҳотки Қайснинг ўғли ҳам пайғамбар бўлса?» дер эдилар.
«Нима қилибди? – деди ўша ерлик бир одам. – Пайғамбарларнинг отаси ким?»
Шу-шу халқ орасида, наҳотки Толут ҳам пайғамбар бўлса, деган гап мақолга айланиб қолган.
Зикр тушишдан тўхтагач, Толут қурбонгоҳ жойлашган тепаликка чиқди. Кейин уйига борди. Уйга келгач, амакиси: «Қаерларга бординг?» деб савол берди.
—Эшакларни топмай Сомуил ҳазратларининг олдига борувдик, — деди у.
—У киши нима деди? — деб сўради амакиси.
—Эшакларинг топилди, деди, — деб жавоб берди Толут. Подшоҳлик ҳақидаги сўзлар тўғрисида ҳеч нарса демади.
ТОЛУТНИНГ ПОДШОҲЛИККА ТАЙИНЛАНИШИ
Сўнгра Сомуил (а.с.) Исроил халқини Мисфага, Худонинг ҳузурига йиғиб дедилар:
«Бизнинг эгамиз – Оллоҳ бундай дейди:
“Мен сизларни Мисрдан олиб чиқдим, мисрликлардан ҳам, сизларга зулм қилган бошқа халқлардан ҳам қутқардим. Аммо бугун сизлар Мендан-нажоткорингиздан юз ўгирдингиз, бизни подшоҳ бошқарсин, дедингиз. Энди қабила-қабила ва уруғ-уруғ бўлиб Менинг ҳузуримда саф тортинглар”».
Кейин Сомуил (а.с.) ҳар битта қабилани бирма-бир чақирдилар. Қуръа Бинямин қабиласига тушди.
Сўнгра Бинямин қабиласидаги уруғлар учун қуръа ташланди. Қуръа Матрининг уруғига, ундан кейин эса Қайс ўғли Толутнинг отига тушди. Бироқ Толутнинг ўзи ҳеч қаерда йўқ эди.
Шунда Оллоҳдан: «У қаерда?» деб сўрадилар. «Шу ерда, юклар орасида яшириниб ўтирибди», деди Оллоҳ азза ва жалл. Одамлар югуриб бориб, Толутни олиб келдилар. У кўпчилик ичида алоҳида ажралиб турар, бўйи бошқалардан бир бош баланд эди.
«Кўряпсизларми? Мана, Оллоҳ сизлар учун сайлаган подшоҳ! – дедилар Сомуил (а.с.). – Бутун Исроил ичида унга тенг келадигани йўқ!»
Халқ: «Яшасин подшоҳ!» деб ҳайқирди.
Сомуил яна бир бора халққа подшоҳнинг ҳуқуқ ва вазифаларини тушунтирдилар, кейин уларни китобга ёзиб, Оллоҳнинг ҳузурига қўйдилар.
Сўнгра одамлар тарқалди. Толут ҳам Гивага, ўз уйига қайтди. Худодан руҳланган бир гуруҳ жангчи йигитлар унга ҳамроҳ бўлдилар.
Баъзи ёмон одамлар эса: «У бизни қандай қутқаради?» деб, унга таҳқир кўзи билан қарадилар, ҳадя бермадилар.1 Бироқ Толут уларга эътино қилмади.
ҲЎКИЗЛАРНИНГ ЧОПИЛИШИ
Бир ойлардан сўнг амўний Наҳаш лашкар тортиб келиб, Жилъоднинг Ёбис шаҳрини қамал қилди.
Ёбисликлар унга: «Биз билан сулҳ тузинг, биз сизга хизмат қиламиз», деб илтимос қилдилар.
Наҳаш эса: «Яхши, сулҳ тузсам-туза қолай, лекин олдин ҳар бирингизнинг ўнг кўзингизни ўйиб, бутун Исроилни шарманда қиламан», деди.
Ёбис оқсоқоллари: «Бизга етти кун муҳлат беринг, Исроилнинг ҳамма ерига элчи юборамиз. Ҳеч ким ёрдамга келмаса, етти кундан кейин олдингизга чиқиб, таслим бўламиз», дедилар.
Сўнгра ҳар тарафга элчи жўнатиб, амўнийлар қўйган шартни Бани Исроилга овоза қилишди.
Бу хабар Гивага ҳам етиб келиб, шаҳарда йиғи-сиғи бошланди. Толут Гивада яшар, ўша пайтда ҳўкизларини даладан ҳайдаб келаётган эди. Узоқдан йиғи товушини эшитиб: «Нима гап, нима бўлди?» деб сўради. Шумхабарни эшитгач, қаттиқ ғазабланди. Ҳайдаб келаётган иккала ҳўкизини чопиб ўлдирди. Чунки Оллоҳ унинг қалбини жунбушга келтирган эди.
Ҳўкизларини нимта-нимта қилиб элчиларнинг қўлига берди-да: «Исроилнинг ўн икки қабиласига етказинглар, кимда-ким Толут ва Сомуилнинг орқасидан эргашмаса ҳўкизларини чопиб ташлайман», деди.
Халқнинг бирлашиши
Худодан қўрқув келиб, бутун халқ биргаликда – Исроилдан уч юзта гуруҳ, Яҳузиядан ўттизта гуруҳ – Вазакка тўпланди.
Кейин Толут ёбислик элчиларга: «Бориб айтинглар, эртага қуёш қиздирган вақтда душманлардан қутуласизлар», деди.
Элчилар Ёбисга қайтиб келиб, Толутнинг гапини халққа етказдилар.
Ҳамманинг ичига хурсандчилик кирди. Кейин амўнийларга хабар юбориб: «Эртага олдингизга чиқамиз, бизга нимаики қилишни хоҳласангизлар қиласизлар», дейишди.
АМЎНИЙЛАР УСТИДАН ҒАЛАБА
Толут кечаси йигитларини уч гуруҳга бўлиб, тонг саҳарда амўнийлар қароргоҳига ҳужум қилди.
Жанг пешингача давом этди. Тирик қолган амўнийлар жон сақлаш учун якка-якка ҳар томонга қараб қочиб кетдилар.
Кейин халқ: «Қани ўша, энди бизга Толут подшоҳ бўлар эканми, деган одамлар? Биз уларни ўлдирамиз», деб Сомуил пайғамбарнинг олдига келди.
Бироқ Толут: «Бугун ҳеч кимни ўлдирмаймиз, бугун Оллоҳ бизни душманларимиздан қутқарди», деб уларга рухсат бермади.
Сомуил (а.с.): «Кетдик, Гилгалга бориб, Толутнинг подшоҳ бўлганини тасдиқлаймиз», дедилар.
Ҳамма Гилгалга келиб, Оллоҳ олдида Толутни подшоҳ деб тан олдилар. Қурбонликлар сўйиб, бутун Бани Исроил Толут билан бирга байрам қилди.