Толут подшоҳнинг вафот этиши
―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――
Сомуил пайғамбар ўлганда бутун Исроил халқи аза тутган ва у кишини ўз шаҳри Рамада дафн қилган эдилар. Ўша пайтларда подшоҳ Толут жоду билан шуғулланадиган, руҳлар билан алоқа қиладиган одамларни бани Исроилдан қувғин қилган эди.
Филистийлар Шунам шаҳрига келиб қароргоҳ қургач, Толут ҳам ўз лашкарини Жалбуда йиғди. Лекин филистийлар қўшинини кўриб, қаттиқ қўрқди. «Энди нима бўлади, нима қилишим керак?» деб Худодан сўраган эди, на тушида, на руҳонийлар орқали ва на пайғамбарлар орқали жавоб келмади.
Толутнинг арвоҳдан маслаҳат сўрагани
Шундан сўнг аъёнларига: «Ўлганларнинг руҳини чақирадиган бир хотин топинглар, нима бўлишини билайлик», деб буйруқ берди.
«Эндўрда бир хотин бор», дейишди аъёнлари.
Ўша куни кечаси, Толут бошқача кийимлар кийиб, икки киши билан ҳалиги хотиннинг уйига борди ва: «Менга бир одамнинг руҳини чақириб бер», деб илтимос қилди.
—Мени ўлдирмоқчимисан? – деди хотин. – Ким бу ишни қилса соғ қолмайди! Толут ҳаммасини йўқ қилди.
—Оллоҳга қасам, сенга ҳеч қандай зарар етмайди», деди Толут.
—Кимни чақирай? — деб сўради хотин.
—Сомуил пайғамбарни, — деди Толут.
Хотин Сомуил пайғамбарни кўргач оҳ уриб подшоҳга деди:
—Сиз Толут экансиз-ку! Нега мени алдадингиз?
—Қўрқма! – деди подшоҳ. – Нимани кўряпсан?
—Ер тагидан бир руҳ чиқиб келяпти.
—Кўриниши қандай?»
—Қария, устида ридоси бор, — деди хотин. Толут унинг Сомуил пайғамбар эканини билиб, ерга бош қўйиб таъзим қилди.
«Эртага менинг олдимга келасан»
«Нега мени безовта қилдинг?» деб сўрадилар Сомуил (а.с.).
«Қийналиб кетдим, – деди Толут. – Филистийлар ҳужумга ўтмоқчи. Оллоҳ мени тарк этди. На пайғамбарлар орқали, на туш орқали жавоб бермаяпти. Нима қилай, айтинг?»
«Оллоҳ сенга қарши бўлса, сени тарк этса, мендан нимани сўрайсан? – дедилар Сомуил пайғамбар. – Сенга айтган эдим, Оллоҳ салтанат тахтини сендан олиб, Довудга беради. Чунки сен Унинг амрига итоат этмадинг, Амолиқ ҳақида берган ҳукмини бажармадинг. Шунинг учун бу кунлар бошингга тушди. Эртага филистийлар Исроил лашкарини мағлуб қилади. Сен ҳам, ўғилларинг ҳам менинг ёнимга келасизлар».
Толут бу гапларни эшитиб, қаттиқ қўрқиб, ерга йиқилди. Бир кеча-кундуз туз тотмаган, танасида қувват қолмаган эди.
Хотин унинг қўрқиб кетганини кўриб: «Аълоҳазрат! Мен жонимни хатарга қўйиб, айтганингизни қилдим. Энди сиз ҳам менинг гапимга киринг: озгина бўлса ҳам нон енг. Йўлга чиққанингизда дармон бўлади», деди.
«Емайман!» деди Толут. Лекин аъёнлари ҳам, хотин ҳам қистайвергач туриб, сўрига ўтирди. Хотин уйидаги бўрдоқи бузоғини сўйди. Хамир қориб, хамиртурушсиз нон ёпди. Толут билан аъёнлари еб-ичиб, ўша куни тунда жўнаб кетдилар.
Филистийларнинг Довуд га ишонмагани
Филистийлар бор кучини Афиққа йиғаётган эдилар. Юз ва минг кишидан иборат аскарлар саф-саф бўлиб борар, Довуд ва унинг одамлари эса Ахиш билан бирга орқада келаётган эдилар. Филистий амирлари: «Бу ибронийлар бу ерда нима қилиб юрибди?» деб сўрадилар.
«Булар Довуднинг одамлари, – деди Ахиш. – Довуд Толутнинг амалдори эди. Мана, бир йил бўлдики менинг ёнимда. Бугунгача ундан ҳеч қандай ёмонлик кўрмадим».
Лекин филистий амирларининг жаҳли чиқиб: «Орқага қайтсин! – деб туриб олдилар. – Биз билан урушга бормайди! Бошимизга бало бўлади ҳали. Аввалги хўжайинига ёқиш учун йигитларимиз бошини кесмайди, деб ким айта олади? “Мингтасин ўлдирди Толут, ўн мингни эса Довуд!” деган ашула эсингизда йўқми?»
Шундан кейин Ахиш Довуд (а.с.) ни ёнига чақириб: «Сен яхши одамсан. Мен сенга ишонаман. Лекин бекларимиз урушга боришингни хоҳламаяпти. Бу сафар тинчлик билан орқага қайт, бекларимиз хафа бўлмасин», деди.
«Мендан шубҳаланманг, – дедилар Довуд (а.с.). – Келганимдан бери мендан ҳеч ёмонлик кўрдингизми? Нега энди сиз билан бирга душманларингизга қарши жангга чиқмас эканман?!»
«Биламан, – деди Ахиш, – сен менинг олдимда фариштадай поксан. Лекин филистий амирлари урушга боришингга кўнмаяпти. Шунинг учун эртага эрталаб йигитларинг билан орқага қайт».
Амолиқлар билан бўлган жанг
Довуд пайғамбар йигитлари билан орқага қайтдилар ва учинчи куни турган жойлари – Сиқлағ шаҳрига етиб келдилар.
Келсалар шаҳар талон-тарож бўлган, амолиқийлар ҳужум қилиб, шаҳарни ёндириб, хотину бола-чақаларни асир қилиб олиб кетишган эди.
Довуд (а.с.) нинг одамлари бўлган воқеани кўриб, то ҳолдан тойгунча дод-вой солиб йиғладилар.1
Ҳолат жуда ёмон эди. Чунки эркаклар ўғил-қизларини ўйлаб тушкунликка тушган, кўплари Довуд (а.с.) ни тошбўрон қилмоқчи бўлиб турган эдилар.
Довуд пайғамбар Оллоҳдан: «Уларнинг орқасидан таъқиб қилайми? Қувласам, етиб оламанми?» деб сўради. «Ҳа, – деган жавоб келди. – Етиб оласан. Асирларни ҳам озод қиласан».
Шундан сўнг, Довуд (а.с.) олти юз одами билан амолиқларни таъқиб қилиб, Басўр сойига келдилар. Икки юз киши чарчаб, ҳолдан кетиб, ўша ерда қолди. Ҳазрати Довуд қолган тўрт юз йигити билан қувлашда давом этдилар.
Йўлда, даштда ётган бир чалажон мисрликни кўриб қолиб, Довуд (а.с.) нинг олдига келтирдилар. Бечора уч кечаю уч кундуз ҳеч нарса емаган эди. Унга сув, нон, қуритилган анжир, икки ҳовуч майиз бердилар. Овқат еб бироз ўзига келди.
Довуд алайҳис-салом ундан: «Хўжайининг ким? Қаердансан?» деб сўрадилар.
«Мисрликман, бир амолиқнинг қулиман, – деди йигит. – Уч кун олдин касал бўлиб қолган эдим, хўжайиним чўлда ташлаб кетди. Жанубга, каритийлар юртига, холиблар минтақасига ҳужум қилган эдик, Сиқлағ шаҳрига ўт қўйдик».
«Улар ҳозир қаерда? Улар турган жойни менга кўрсата оласанми?» деб сўрадилар Довуд (а.с.).
«Агар сени ўлдирмайман, хўжайининг қўлига топширмайман, деб қасам ичсангиз, кўрсатаман», деди мисрлик қул ва уларни амолиқлар қароргоҳига бошлаб борди. Улар даштда тўрт томонга яйралиб, қўлга киритган ўлжаларини еб-ичиб хурсандчилик қилиб ўлтирган эдилар.
Довуд пайғамбар тонг отар пайтда ҳужум қилиб, то кун ботгунча уларни тиғдан ўтказдилар. Фақат тўрт юз одам туяларга миниб қочиб кетишга муваффақ бўлди.
Довуд (а.с.) нинг йигитлари улар олиб кетган ҳамма нарсани қайтариб олдилар. Асир бўлганларни ҳам: ёшу қар, ўғиллари, қизлари, ўзларига тааллуқли бўлган ҳамма моллари билан соғ-саломат қўлга киритишди. Амолиқларнинг мол-қўйларини ҳам ўзларининг моллари билан бирга ўлжа қилиб олиб кетдилар.
Орқага қайтишда, Басўр сойида қолиб кетган икки юз одами ҳам уларга қўшилди. Довуд (а.с.) нинг нафарларидан баъзи бир ёмон одамлар: «Улар биз билан бирга жанг қилганлари йўқ, шунинг учун ўлжа олган моллардан уларга ҳеч нарса бермаймиз. Фақат хотин-бола-чақасини олади», дейишди.
«Биродарлар, бундай қилманглар, – деди ҳазрати Довуд, – Бу нарсаларни бизга Оллоҳ берди. Бизни Оллоҳ сақлади, амолиқлар устидан ғалабага эриштирди. Урушга борганлар билан анжомлар ёнида қолганлар бир хил улушга эга бўлади».
Ўша-ўша, бу ҳукм Исроилда қонун сифатида қабул қилинди.
Толут билан ўғилларининг ҳалок бўлгани
Бу пайтда филистийлар Бани Исроил билан жанг қилаётган эдилар. Исроилдан кўп одамлар ўлиб, қолганлари қоча бошлади. Филистий аскарлари Толут подшоҳ билан ўғилларининг йўлини тўсиб, Янатон, Абунадоб ҳамда Малкишуйни ўлдирдилар.
Ён-атрофда жанг авжига чиқиб, камончилар отган ўқлардан подшоҳ ҳам қаттиқ ярадор бўлди. Кейин қуролбардорига: «Қиличингни олиб мени ўлдир, анови кестирилмаганлар келиб, мени хўрламасин», деди.
Лекин қуролбардори бу ишни қилишга қўрқди. Шунда Толут ўзининг қиличини олиб, устига ўзини ташлаб ҳалок бўлди. Буни кўрган қуролбардори ҳам ўзини шу йўсинда ўлдирди. Шундай қилиб, Толут, унинг учала ўғли, қуролбардори ва бутун лашкари бир кунда у дунёга равона бўлдилар.
Эртаси куни филистийлар Толут билан ўғилларининг жасадини топиб, Толутнинг бошини кесиб, жасадини Байт-шон шаҳрида деворга осдилар. Қурол-аслаҳасини эса Асториш бутхонасига қўйишди.
Хабарчининг ўлими
Довуд (а.с.) Сиқлағ шаҳрига қайтиб келганларидан сўнг учинчи кун у кишининг ҳузурига кийимлари йиртилган, бошига тупроқ сочилган бир одам келди. Келиб, бошини ерга қўйиб, ҳазрати Довуднинг олдида таъзим қилди.
—Қаердан келяпсан? — деб сўрадилар Довуд алайҳис-салом.
—Урушдан, Исроил қароргоҳидан қочиб келдим, — деди у.
—Нима бўлди?!
—Бизникилар қочди, одамларимиздан кўпи ўлди. Толут билан ўғли Янатон ҳам ҳалок бўлди.
—Толут билан Янатоннинг ҳалок бўлганини қаердан билдинг? — деб сўрадилар ҳазрати Довуд.
—Мен Жилбўъ тоғида эдим, – деди у. – Толут найзасига суяниб турган экан. Душман отлиқлари, жанг аравалари унга яқинлашиб қолган эди. Толут мени кўриб чақирди. Кимсан, деб сўради. Амолиқман, дедим. У, мени ўлдир, ярадор бўлдим, барибир ўламан, деди. Бошқа яшай олмаслигига кўзим етиб, уни ўлдирдим. Бошидаги тожи билан қўлидаги билакузугини сизга олиб келдим.
Довуд (а.с.) буни эшитиб, фарёд қилиб, кийимларини йиртдилар. У кишининг ёнидагилар ҳам, кийимларини йиртиб, йиғлаб, кечгача ҳеч нарса емай, аза тутдилар.
Кейин ҳазрати Довуд хабарчи йигитни чақириб: «Қаердансан?» деб сўрадилар.
«Отам амолиқ. Лекин Исроилда яшаймиз», деди у.
«Ҳазрати Толутни Оллоҳнинг Ўзи подшоҳ қилиб тайинлаган эди! Шундай одамни ўлдиришга қандай ҳаддинг сиғди?» деди Довуд алайҳис-салом. Кейин йигитларидан бирини чақириб: «Ўлдир уни!» деб амр қилдилар.