Пайғамбарлар тарихи

Сомуил (а.с.) нинг вафоти

―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――

Сомуил пайғамбар оламдан ўтди. Бутун Исроил халқи йиғилиб, аза тутдилар. У кишини ўз она шаҳри Рамада дафн қилдилар.

Довуд (а.с.) Толутнинг қароргоҳида

Орадан бир қанча вақт ўтди. Кунлардан бир куни, зифликлардан бир нечта одам Гива шаҳрига, Толут подшоҳнинг олдига келиб: «Довуд ҳозир Яшмонда, Ҳохило те­па­ли­гида яшириниб юрибди», деб хабар бер­ди­лар.

Толут, лашкаридан энг сара уч минг ода­мини олиб, Довуд алайҳис-саломни уш­лаш учун Зиф даштига борди ва Ҳохила тепа­лигида, йўл бўйида қароргоҳ қурди.

Довуд (а.с.) ўша пайтда даштда эдилар. “Толут сизни излаб келибди”, деган гапни эшитгач, аввал айғоқчиларини юбордилар. Ишонч ҳосил қилганларидан сўнг, ўзла­ри кечаси Толутнинг қароргоҳига келдилар.

Толут билан лашкарбошиси Абнур қа­рор­гоҳ­нинг ўртасида, йигитлари эса атро­фи­да, ҳаммалари ухлаб ётган эдилар. Довуд (а.с.) Ахималик билан Абушайга: «Ким мен билан Толутнинг олдига боради?» деб сўрадилар.

(Ахималик – ҳиттий эди. Абу­шай эса Сурайё Бибининг1 ўғли, Ёваб­нинг акаси эди.)

«Мен бораман», деди Абушай.

Қароргоҳга кирдилар. Толут найзасини бош томонга ерга қадаб, қароргоҳ ўртасида ухлаб ётар эди. Абнур билан йигитлари ҳам уйқуда эдилар.

«Мана, Оллоҳ душманингизни қў­лин­гизга берди, – деди Абушай Довуд (а.с.) га. – Хўп десангиз, ўзининг найзаси билан бир уриб ерга михлаб қўяман!»

«Йўқ, – дедилар ҳазрати Довуд шивирлаб, – Оллоҳ масҳ қилган подшоҳга қўл кў­та­риб гуноҳкор бўлмайлик. Худо шоҳид! То­лут­нинг жонини Худо олади, ажали ке­либ ё тўшакда, ё жангда ўлади. Лекин Раб­би­миз танлаган подшоҳга қўл кўтаришдан Ўзи мени сақласин! Юр, Толутнинг найзаси би­лан кўзасини олиб кетамиз».

Толутнинг иккинчи марта тавба қилгани

Найза билан сувкўзани олиб, қароргоҳ­дан чиқиб кетдилар. Ҳамма ухлаб ётган эди, ҳеч ким уйғонгани йўқ. Оллоҳ таоло уларни қаттиқ уйқуга солган эди.

Довуд (а.с.) йигитлари билан даранинг нариги та­ра­фига ўтиб, бир тепаликнинг устига чиқ­ди­лар. Ўртада бехатар бир масофа бор эди. Ўша ердан туриб: «Абнур, Абнур!» деб чақирдилар.

Абнур уйғониб: «Ким ўзи бу, подшоҳни безовта қиладиган?!» деди.

«Сен қандай одамсан, Абнур? – дедилар Довуд (а.с.). – Исроилнинг энг ишончли йигити сен эмас­ми? Нега унда подшоҳингни қў­риқ­ла­ма­динг? Бугун биров у кишини ўл­дир­моқчи бўлиб, қароргоҳга кирди, сен бўл­санг йи­гит­ларинг билан ухлаб ётибсан! Худо ҳақи, ҳам­мангизни ўлимга ҳукм қи­лиш керак, Оллоҳ танлаган подшоҳни муҳофаза қил­ма­динглар. Қара-чи, под­шоҳ­нинг бош та­ра­фи­да турган найзаси билан кўзаси қа­ер­да экан?»

Подшоҳ, Довуд (а.с.) нинг овозини таниб: «Довуд, ўғлим, сенмисан?» деб сўради.

«Ҳа, подшоҳим, менман, – деб жавоб бер­ди­лар у киши. – Мен сизга нима гуноҳ қилдим? Нега мени таъқиб қиляпсиз? Агар бу иш Худодан бўлса, тавба қилай. Гу­но­ҳимни кечириши учун қурбонлик сўяй. Аммо агар бу иш одамлардан бўлса, Худо уларни лаънатласин. Мен энди кофирлар би­лан яшайми? Бегона юртларда ўлиб ке­тай­ми? Таъқиб қилишингизга ар­зий­ман­ми ўзи?»

Бу гаплар подшоҳга қаттиқ таъсир қилди: «Довуд, ўғлим, мени кечир. Мен сенинг олдингда гуноҳкорман. Сен учун менинг ҳаётим азиз экан, мен қаттиқ хато қи­либ­ман. Аҳмақ эканман. Юр, энди ватанингга қайт. Мен сенга ёмонлик қилмайман».

«Мана найзангиз, йигитларингиз келиб олсин, – дедилар Довуд (а.с.), – Оллоҳ ҳар бир одамга тўғрилиги ва садоқатига қараб ажр беради. Бугун менда имконият бор эди, лекин мен сизни ўлдиришни хоҳ­ла­мадим. Ҳаётингизни сақлаб қолдим. Оллоҳ ҳам менинг ҳаётимни сақласин, бало-қазолардан қутқарсин».

«Довуд, ўғлим, Оллоҳ сени ёрлақасин, сен катта ишлар қиласан, катта ютуқларга эришасан», деди подшоҳ. Шундан сўнг Довуд (а.с.) ўз йўлига, подшоҳ эса уйига қайтди.

Довуд филистийлар орасида

Ҳазрати Довуд: «Подшоҳ мени барибир бир кун эмас-бир кун ўлдиради, – деб ўйлар эди. – Ундан кўра филистийлар юртига қочганим яхши. Шунда мени таъқиб қилишдан тўхтайди».

Шундай қилиб Довуд (а.с.) ва у киши билан бирга олти юз эркак, оилалари билан бирга Жатга, амир Ахишнинг ерига бордилар. Довуд пайғамбарнинг икки хотини – язареллик Ахиноам ва Наволнинг беваси кармиллик Абижайл ҳам Довуд билан бирга эдилар. Дарҳақиқат, шундан сўнг Толут Довуд (а.с.) ни таъқиб қилмай қўйди.

Жат амири уларга Сиқлағ шаҳрида яшашга рухсат берди ва Довуд (а.с.) филистийлар юртида бир йилу тўрт ой истиқомат қилдилар.

Ахиш Довуд (а.с.) га ишонч қўйган, Довуд ўз халқи Бани Исроилга ўзини душ­ман қилиб қўйди, энди тоабад менинг хизматимда бўлади, деб ўйлар эди.

Шу кунларнинг бирида филистийлар Бани Исроил билан жанг қилиш учун лаш­кар тўплайди. Шунда Ахиш Довуд (а.с.) га: «Йи­гитларинг билан биз тарафда жанг қиласан», деб таъкидлади.

«Албатта, – дедилар ҳазрати Довуд. – Каминанинг ни­ма­ларга қодир эканини кўрасиз».

«Яхши, – деди Ахиш, – сен йигитларинг билан мени қўриқлайсан».