Довуд (а.с.) нинг тахтга ўтириши
―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――
Довуд (а.с.) Яҳузо устидан подшоҳ бўлдилар
Кейин Довуд пайғамбар Оллоҳдан:
—Мен энди нима қилай? Яҳузия шаҳарларидан бирортасига борайми? — деб сўрадилар.
—Бор! — деган ваҳий келди.
—Қайси шаҳарга борай?
—Ҳабрунга, — деб жавоб берди Парвардигор.
Шундан сўнг Довуд (а.с.) икки хотинини олиб Ҳабрунга кетдилар. Йигитлари ҳам оилалари билан бирга йўлга тушдилар. Ҳаммалари келиб Ҳабрун теварагидаги қишлоқларга ўрнашдилар.
Кейин Яҳузия халқи Ҳабрунга йиғилиб, Довуд (а.с.) ни Яҳузия устидан подшоҳ қилиб тахтга ўтқаздилар.1
Бани Исроилнинг бошқа2 минтақаларига эса Толутнинг қирқ яшар ўғли Эшбушат подшоҳлик қила бошлади.
Довуд нинг Ҳабрунда туғилган фарзандлари
Довуд пайғамбарнинг мана бу ўғиллари Ҳабрунда туғилган: тўнғич ўғли Амнўн – язареллик Ахиноамдан туғилди, иккинчиси Килоб – кармиллик Наволнинг беваси Абижойлдан туғилди, учинчиси Абусалом – Жашур шоҳи Талмойнинг қизи Макодан туғилган, тўртинчиси Адўниё – Ҳажит хонимдан туғилган, бешинчиси Шафатиё – Обидадан туғилган, олтинчиси – Ятаръом, Ажло Бибидан туғилган.
Довуд (а.с.) нинг бутун Бани Исроилга подшоҳ бўлиши
Орадан бир қанча вақт ўтгач, Толутнинг ўғли Эшбушат ўз аъёнлари тарафидан ўлдирилди. Шундан сўнг Исроилнинг ўн икки қабиласи Ҳабрунга – Довуд алайҳис-саломнинг олдига келиб:
«Биз ҳаммамиз қавм-қариндошмиз. Толут подшоҳ тириклигида сиз урушларда Исроил лашкарига бошчилик қилар эдингиз. Оллоҳ сизга: сен Менинг халқим Бани Исроилга чўпонлик қиласан, уларга раҳнамо бўласан, деб ваъда берган. Энди ўзингиз ҳаммамизга бош бўлинг», дедилар.
Шу тариқа Довуд (а.с.) Ҳабрунда Исроил оқсоқоллари билан аҳд туздилар. Исроил оқсоқоллари у кишини ёғ билан масҳ этиб, Бани Исроил устидан подшоҳ қилиб тайинладилар.
Ўша пайтда Довуд пайғамбар ўттиз ёшга кирган бўлиб, ҳаммаси бўлиб қирқ йил подшоҳлик қилдилар. Ҳабрунда етти йилу олти ой Яҳузия устидан, Байт-ул-Муқаддасда эса ўттиз уч йил бутун Бани Исроил устидан ҳукм юргиздилар.
Бу давр мобайнида бир марта ябусийлар билан, бир марта эса филистийлар билан жанглар бўлиб ўтган. Оллоҳ таолонинг кўмаги билан Довуд пайғамбарнинг қўли баланд келиб, душманлар устидан ғалабага эришганлар. Байт-ул-Муқаддас3 ҳам ўша даврда тасарруф бўлган.
Шундай қилиб, Довуд (а.с.) нинг қудрати ва азамати кундан-кунга ошиб борар, чунки Қодири мутлақ Худо у киши билан бирга эди. Байт-ул-Муқаддасга келганларидан кейин, бу ерда яна канизак ва хотинлар олдилар, улардан ўғил-қизлар кўрдилар.
«Сенинг наслинг тоабад подшоҳлик қилади»
Ҳазрати Довуд ўз қасрида роҳату фароғатда ҳаёт кечирар, Оллоҳ у кишини ҳамма душманларидан тинч-омон сақлаётган эди.
Бир куни шоҳ, Натан пайғамбарга: «Қара, мен садр ёғочидан қурилган қасрда яшайман, Аҳд Сандиғи эса чодирда турибди», дедилар.
«Кўнглингиздаги ишни қилаверинг, – деди пайғамбар. – Оллоҳ сиз билан». Лекин ўша куни кечаси унга Оллоҳдан ваҳий нозил бўлди:
«Бориб, қулим Довудга айт: Менинг амрим бу: сен Мен учун уй қуролмайсан. Бани Исроилни Мисрдан олиб чиққанимдан бери Аҳд Сандиғи у ердан бу ерга кўчиб юрди, уйда эмас, чодирда турди. Лекин Мен ҳеч қачон Исроил пешволарига: нега Мен учун садрдан уй қурмадинглар, деб айтганим йўқ.
Довудга айт: Мен сени яйловдан, қўй суруви орасидан танлаб олиб, Ўз халқимга раҳнамо қилдим. Қаерга борсанг, сен билан бирга бўлдим, жангларда душманларингни ҳалок қилдим.
Энди номингни ер юзида улуғ қиламан, хонадонингни мустаҳкамлайман. Вақт-соати келиб ота-боболаринг ёнига кетгач, Мен сенинг зурриётингдан бир кишини подшоҳ қилиб кўтараман. Унинг подшоҳлигини мустаҳкам қиламан. Мен учун уйни у қуради. Мен унинг валийси бўламан, у Менинг ворисим4 бўлади.
Гуноҳ қилса, оталарча жазолайман, лекин муҳаббатим уни ҳеч қачон тарк этмайди. Сендан олдинги подшоҳни-Толутни раҳматимдан маҳрум қилган эдим. Лекин сенинг наслинг тоабад подшоҳлик қилади, тахти абадий бўлади».
Пайғамбар келиб Оллоҳ таолонинг сўзларини ҳазрати Довудга етказдилар.
Довуд (а.с.) нинг ютуқлари
Довуд (а.с.) кўп зафарларга эришдилар. Филистийларга ҳужум қилиб, уларни мағлуб қилдилар ва Бани Исроилни уларнинг назоратидан тўлиқ озод этдилар.
Кейин Мўоб лашкари устидан ғалаба қозондилар ва Мўоб халқи Бани Исроилга ўлпон тўлайдиган бўлди.
Сўбо подшоҳи Ҳадад Азар Фурот дарёси бўйидаги ноҳияларга ҳужум қилган эди, Довуд пайғамбар уни ҳам тор-мор қилдилар: бир минг етти юз суворийсини, йигирма минг пиёда аскарини асир олдилар.
Арам лашкари Дамашқдан Сўбога ёрдамга келган эди, Довуд (а.с.) уларни ҳам мағлуб қилди, йигирма икки минг нафарини ўлдирди. Кейин ўз аскарларидан бир қисмини Дамашққа жойлаштирдилар ва Арам халқи ҳам Бани Исроилга ўлпон берадиган бўлди.
Хуллас, Довуд (а.с.) қаерга бормасинлар, Оллоҳ таоло у киши билан бирга эди. Ҳазрати Довуд Бани Исроил учун адолат ва инсофни таъмин қилдилар.
Амўнийлар билан жанг
Бир куни Амўн шоҳи Наҳаш оламдан ўтиб, унинг ўрнига ўғли Ҳонун тахтга ўтирди. Довуд (а.с.): «Наҳаш менинг содиқ дўстим эди, ўғли билан ҳам дўст бўлайлик», деб таъзия билдириш учун унинг ҳузурига ўз элчиларини жўнатдилар.
Шунда Амўн беклари Ҳонунга: «Довуд бу одамларни отангизни ҳурмат қилиб жўнатган эмас! Ёмон ният билан, шаҳарни кузатиб-текшириб қўлга киритиш учун жўнатган», дедилар.
Шундан сўнг Ҳонун, келган элчиларни ушлаб, соқолларининг бир томонини қириб, кийимларини киндигигача кесиб, орқага қайтаради.
Довуд (а.с.) бу воқеани эшитиб элчилари олдига нафар жўнатдилар ва: «То соқолингиз ўсгунча Ариҳода қолинглар», деб тайинладилар.
Амўнийлар энди уруш бўлишини билиб, ҳар томондан ўзларига куч тўплай бошлади. Байт-Раҳуб ва Сўбадан йигирма минг арамий пиёда аскар ёлланди. Маако подшоҳидан мингта ва Тўб халқидан ўн икки минг аскар чақирдилар. Довуд (а.с.) буни эшитиб, лашкарбошиси Ёваб бошчилигида ҳамма йигитларини урушга сафарбар қилдилар.
Амўн лашкари шаҳар дарвозаси олдида саф тортган эди. Байт-Раҳуб ва Сўбадан келган Арам аскарлари ҳамда Тўб ва Маакодан келган лашкарлар ялангликда алоҳида саф тортишди.
Бани Исроилнинг лашкарбошиси Ёваб душманларнинг ҳам орқадан ва ҳам олдиндан ҳужум қилмоқчи эканини кўриб, Исроилнинг сара аскарларини Арам лашкарига қарши қўйди. Қолганларга эса укаси Абушайни бош қилиб, амўнийларга қарши ташлади ва Абушайга:
«Агар Арам лашкари мендан устун келадиган бўлса, ёрдамга кел, – деди. – Агар амўнийлар сени енгадиган бўлса, мен ёрдамга бораман. Дадил бўл! Халқимиз учун, Оллоҳнинг шаҳарлари учун жанг қиламиз. Оллоҳ нимани хоҳласа қилади», деди.
Жанг бошланди. Арам лашкари Ёвабнинг йигитларига дош беролмай қочди. Буни кўриб, амўнийлар ҳам қочиб, шаҳарга беркиндилар. Шундан сўнг Ёваб жангни тўхтатиб, Байт-ул-Муқаддасга қайтди.
Ҳадад Азарнинг мағлуб бўлгани
Мағлубиятдан сўнг, Арам лашкари яна куч тўплаб жангга ҳозирлана бошлади. Шоҳ Ҳадад Азар Фурот дарёсининг нариги томонидаги арамийларга ҳам хабар бериб, уларни чақиртирди ва ҳаммаларини лашкарбошиси Шўбак бошчилигида Ҳелом шаҳрига тўплади. Шу билан Ҳеломда яна жанг бўлди. Арам лашкари Бани Исроилга қарши жанг қилди.
Бу сафар ҳам Бани Исроилнинг қўли устун келиб, Арам лашкарининг етти юзта жанг аравакашини ва қирқ минг отлиқ аскарини ўлдирди. Ҳадад Азарнинг лашкарбошиси Шўбак жанг майдонида жон берди.
Шундан сўнг, Ҳадад Азарнинг қўл остидаги ҳамма подшоҳлар Исроил халқи билан сулҳ тузишга мажбур бўлдилар ва Бани Исроилга қарам бўлдилар.
Орадан анча йиллар ўтди...
Орадан кўп йиллар ўтди. Довуд (а.с.) ҳам қаридилар. Устларига қанча кўрпа солсалар ҳам ҳеч исимас эдилар.
Шунда сарой аъёнлари: «Аълоҳазрат, сизга қараш учун бир бокира қиз топсак, қўйнингизда ётса исийсиз», дейишди ва гўзал қиз излаб бутун Исроилни ахтариб чиқдилар.
Ниҳоят, Шўнамдан Обиша деган бир чиройли қизни танлаб, подшоҳнинг хизматига қўйдилар. Лекин подшоҳ у билан қўшилгани йўқ.