Пайғамбарлар тарихи

Сулаймон алайҳис-салом қиссаси

Батаҳқиқ, Биз Довуд ва Су­лай­монга илм бердик. Икковла­ри: «Бизни кўп мўмин бан­да­лардан афзал қилган Оллоҳга ҳамдлар бўлсин», дедилар (Намл 27:15).

Адўниёнинг подшоҳликни олмоқчи бўлгани

Довуд (а.с.) қариб қолган эдилар. Кунлар­дан бир куни, у кишининг Ҳажит хонимдан туғилган ўғли Адўниё1 тахтни эгал­ламоқчи бўлди. Ўзига от-аравалар, суво­рийлар ва элликта муҳофиз ёллади. Кейин Сурайё Бибининг ўғли Ёваб ва руҳоний Абиёторлар билан гаплашиб, уларни ўз та­рафига оғдирди.

Лекин руҳоний Содуқ, Баноё, Натан пайғамбар, Шамъий, Риъий ва Довуд алайҳис-саломнинг хос му­ҳо­физ­ла­ри Адў­ниё­га қўшилганлари йўқ.

Бир куни Адўниё, Айн-Рожалда,2 “Илон Тоши” деб аталган жойда, қўй, ҳўкиз ва бўрдоқи бузоқларни қурбонлик қилиб, ҳамма ака-укаларини ва саройда хизмат қи­лаётган амалдорларни зиёфатга даъват қилди. Лекин Натан пайғамбарни, Ба­ноё­ни, сарой муҳофизларини ва укаси Су­лай­монни чақиргани йўқ.

Сулаймон (а.с.) нинг тахтга ўлтириши

Натан пайғамбар бу гапдан хабар топиб, Сулаймоннинг онаси Бешабага бундай дедилар: «Ҳажит хонимнинг ўғли Адўниё ўзини подшоҳ деб эълон қилганини эшит­дингизми? Шоҳимиз буни ҳали эшит­­ганлари йўқ. Агар жонингизни ва ўғ­лин­гиз Сулаймоннинг жонини қут­қа­ра­ман десангиз, подшоҳнинг олдига киринг. У кишига: “Сиз мендан кейин ўғлинг Сулаймон подшоҳ бўлади, деб ваъда берган эдингиз-ку! Унда нима учун Адўниё подшоҳ бўлди?” деб сўранг. Шу пайтда мен ҳам кириб, гапингизни тас­диқ­лай­ман», дедилар.

Бешаба хоним Довуд (а.с.) нинг ҳузурига кир­ди ва ерга эгилиб таъзим қилди.

«Нима бўлди? – деди подшоҳ. – Айт тилагингни».

«Подшоҳим, сиз Оллоҳ номи билан қасам ичиб, мендан сўнг ўғлим Сулаймон тахтга ўтиради, деб ваъда берган эдингиз. Лекин Адў­ниё сизга билдирмай, ўзини подшоҳ деб эълон қилибди. Беҳисоб молларни қур­бон қилиб, ҳамма шаҳзодаларни, руҳо­ний Абиётор билан лашкарбошингиз Ёваб­ни ҳам таклиф қилибди. Ўғлингиз Сулай­мон­ни эса айтмабди. Шоҳим, ҳозир бутун Исро­ил халқи, энди тахтга ким чиқар экан, деб сизга мунтазир. Агар ким подшоҳ бўли­ши­ни эълон қилмасангиз, сиздан кейин мени ҳам, ўғлим Сулаймонни ҳам жиноятчилар қаторида санайдилар».

Шу пайтда хизматкорлардан бири кириб: «Шоҳим, Натан пайғамбар келибди, ҳу­зу­рин­гизга кирмоқчи» деб хабар берди.

Натан кириб ергача таъзим қилдилар-да: «Шоҳим, сиз мендан кейин Адўниё подшоҳ бўлади, деб айтганмидингиз? – деб сўрадилар. – Бугун у қатор-қатор жон­лиқ­лар сўйиб, ҳаммани зиёфатга так­лиф қилибди. Ўғилларингиз, руҳоний Абиётор ва лашкарбошиларингиз ўша ерда. Ҳозир ҳам­ма­лари зиёфат еб, “Яшасин подшоҳ Адўниё!” деб ҳай­қи­риш­япти. Лекин не­га­дир на мени, на руҳоний Содуқни, на Баноё ва на ўғлингиз Сулаймонни ча­қи­риш­мабди. Бу ишлар сизнинг амрингиз билан бўляптими? Бизга ҳеч нарса дема­дин­гизми?»

Довуд (а.с.): «Бешабага ай­тинг­лар, олдимга кирсин!» дедилар. Кейин: «Мени ҳамма хатарлардан қутқарган Оллоҳ­га қасамки, мендан кейин ўғлинг Сулай­мон подшоҳ бўлади – Салтанат тах­ти­га ўлтиради. Мен шундай деб ваъда бер­ган­ман, ваъдамни бугун бажараман», де­ди­лар.

Кейин руҳоний Содуқни, Натан пай­ғам­бар­ни ва Яҳуёдо ўғли Баноёни ҳузурига чақиртириб дедилар:

«Сарой аёнларини йи­ғинг. Сулаймонни менинг хачиримга мин­ди­риб Жиҳўн булоғига олиб боринг­лар. Ўша ерда Содуқ билан Натан уни Бани Ис­ро­ил устидан подшоҳ деб эълон қилсин. Бурғу чалиб, “Яшасин Сулаймон под­шоҳ!” деб жар солинглар. Кейин қайтиб келиб, менинг тахтимга ўтирсин. Мен уни Исро­ил­нинг ўн икки қабиласи устидан подшоҳ қилиб тайинладим», дедилар.

Шундай қилиб, руҳоний Содуқ, Натан пай­ғам­бар ва Баноё сарой аёнлари билан бирга ҳазрати Сулаймонни Жиҳўнга олиб бор­дилар. У ерда у кишининг под­шоҳ­лик­ка тайинланиш маросими бўлди. Ру­ҳо­ний Содуқ ва Натан пайғамбар ёғ билан Сулаймон (а.с.) ни масҳ этдилар.

Кейин бурғу чалиб ҳаммалари: «Яшасин Сулай­мон под­шоҳ! Яшасин Сулаймон подшоҳ!» деб ҳай­қир­дилар ва ҳазрати Сулаймоннинг ор­қа­си­дан сурнай чалиб, хурсандчилик қилиб са­ройга қайтдилар. Уларнинг созу овоз­ла­ри шунчалик баланд эдики, ерни ларзага солди.

Бу пайтда Адўниё ўтказаётган зиёфат охир­лаб қолган эди. Зиёфатда ўлтирганлар шовқин-суронни эшитиб: «Нима бўлди? Шаҳарда мунча шовқин?» деб сўрадилар.

Шу пайт руҳоний Абиёторнинг ўғли Юно­­тон келиб: «Сулаймон подшоҳликка та­йин­­лан­ди. Шунга бутун шаҳар хур­санд­чи­лик қиляпти. Ҳозир Сулаймон под­шоҳлик тахтида ўтирибди», деди.

Адўниё ҳам, меҳ­монлар ҳам бу гапни эшитиб қўрқиб кет­дилар ва жойларидан туриб ҳар қайсиси ўз йўлига жўнади.

Довуд нинг оламдан ўтгани

Вақти-соати келиб, Довуд пайғамбар ҳам оламдан ўтдилар ва “Довуд қалъаси” да дафн бўлдилар.

У киши қирқ йил подшоҳ­лик қилган эдилар: етти йил Ҳабрунда, ўттиз уч йил Байт-ул-Муқаддасда. Энди салтанатни Сулаймон ибн Довуд бош­қа­ра­ёт­ган эдилар.