Пайғамбарлар тарихи

Юнус (а.с.) қиссаси

«Қанийди бирон қишлоқ аҳли имон келтирса, имонлари фойда қилган бўлар эди. Фақат Юнус қавми имон кел­тир­ган­ла­ри­да улардан ҳаё­ти дунёдаги хорлик азобини ку­шо­йиш қилдик ва уларни маъ­лум вақт­га­ча фой­да­­лан­­тир­дик» (Юнус сураси 10:98).

MУҚАДДИМА

Юнус (а.с.) Бани Исроилдан чиққан пай­ғам­бар­лардан бўлиб, Ислом та­ри­хида «Со­ҳи­бул ҳут» ҳамда «Зуннун» исм­лари би­лан маш­ҳур (Қуръонга қаранг – ал-Ан­бия 21:87).

Оллоҳ субҳанаҳу ва таоло у ки­ши­ни Найнаво шаҳрига даъват қилишга юбо­ради.

Найнаволиклар эса бутларга си­ғи­на­диган, зулмга-ёвузликка берилган халқ бўлиб, Бани Исроилга душман эди.

Юнус пайғамбар Оллоҳнинг Найнаво ус­тига офат юборишини хоҳлаган, лекин Оллоҳ раҳмон ва раҳимдур. Найнаво­лик­лар гуноҳ ишлар билан аслида ўзла­ри­га ўз­ла­ри зулм қилаётганларини анг­ла­мас, Оллоҳ таоло­нинг: «Бутларга си­ғи­ниш­дан четлаб Оллоҳга қайт­ган­лар­га хушхабар бор»,1 де­ган ваъдасидан бехабар эди­лар.

ОЛЛОҲДАН КЕЛГАН АМР

«Юнус ҳам шак-шубҳасиз пайғамбар­лар­дан­дир. У ... одамлар билан тўла кемага қараб қочган эди» (Вас-Соффот сураси, 37:139-140.).

Оллоҳ жалла жалолаҳу бир куни Юнус (а.с.)2 га бундай деб амр қилади: «Тур, Найнаво шаҳрига бор, бошларига келаётган мусибатдан уларни огоҳлантир. Мен уларнинг қилмишларидан хабардорман», дейди.

Кемага миниш

Найнаво – ҳозирги Ироқ ҳуду­ди­да жойлашган буюк бир шаҳар эди. Юнус (а.с.) итоат этиш ўрнига бош­қа мин­та­қа­га қочмоқчи бўладилар.3 Ёппа­да­ги бандаргоҳга келиб, киросини бериб, денгизга чиқаётган бир кемага минадилар.

Қуръони каримда: «Токи сизлар кемада бўл­ганингизда ва яхши еллар ила уларни олиб кетганида ҳамда улар бундан хур­санд бўлганларида, қаттиқ шамол келур ва уларга ҳар томондан тўлқин келур», деган оят бор (Юнус сураси 10:22.).

Дарҳақиқат, кема денгизга чиққандан ке­йин Оллоҳ азза ва жалла кучли бир шамол юбориб, денгизда даҳ­шатли бўрон бошланади. Бўрон кемани пар­ча­лаб юборай дер эди. Ваҳимага тушган одам­лар ўзларининг худоларидан ёрдам сўра­дилар. Сўнгра кема енгиллашсин деб юк­лар­ни денгизга ташлай бошладилар.

Юнус пайғамбар эса бу пайтда кеманинг пастки бўлмасида қаттиқ ухлаб ётган эдилар. Бир пайт кема дарғаси у киши ётган жойга тушиб: «Нега ухлаяпсан?! Тур, сен ҳам ўз худойингга илтижо қил! Балки у бизларни сақлаб қолар», деб айтади.

“МЕНИ ДЕНГИЗГА ТАШЛАНГЛАР”

«Бас кемадагилар билан қуръа таш­ла­шиб мағлуб бўлгач (уни денгизга улоқ­тир­дилар)». Вас-Соффот сураси, 141.

Бўрон борган сари кучаяр эди. Кемадагилар бир вақт: «Келинглар, қуръа ташлайлик. Бу фалокатга ким сабабчи эканини билайлик», дедилар. Қуръа ташлаганларида, қуръа Юнус (а.с.) га тушди.

Шунда улар: «Кимсан?.. Нима учун бошимизга бу мусибат келди?.. Қайси элдансан?.. Нима иш қиласан?.. Қаердан келяпсан?» деб пайғамбарни саволларга кўмиб ташлайди. У киши эса: «Мен ибронийман. Оллоҳга – сувларни ва қуруқликни яратган осмон худосига сиғинаман», деб уларнинг саволларига жавоб бера бошладилар.

Шунда улар Юнус пайғамбарнинг Оллоҳ­нинг амридан қочиб келаётганини англадилар. Англаб яна ҳам қаттиқроқ даҳ­шат­га тушдилар ва: «Энди нима қилдик? Нима қиламиз? Бўрон тўхташи учун сени нима қилишимиз керак?!» деб сўрадилар. Сабаби бўрон борган сари кучайиб бораётган эди.

Юнус (а.с.) уларга: «Мени ушлаб денгизга ташланглар, шунда денгиз тинчийди. Бу бўронга мен сабабчиман», деб айтдилар. Денгизчилар эса бунинг ўрнига, кемани қирғоққа олиб бориш учун зўр бериб эшкак эшдилар, бироқ уддасидан чиқол­ма­ди­лар – денгиз бадтар қутуриб, улар­ни орқага суриб ташлайверди.

Охири улар Оллоҳ таолога ёлвориб: «Ё Оллоҳ! Булар­нинг ҳаммаси Сенинг ироданг экан, бу бегуноҳнинг ўлимига бизни айбдор қилма», деб Юнус (а.с.) ни денгизга ташладилар.4 Ла ҳавла ва ла қуввата илла бил­лаҳ... Оллоҳнинг қудратини қаранглар – денгиз ўша заҳоти тинчланибди! Оллоҳу акбар! Буни кўрган денгизчилар Оллоҳ­дан қаттиқ қўрқувга тушдилар. Кейин Оллоҳ таолога атаб қурбонликлар келтиришади, бир нечалари бўйинларига назр ҳам оладилар.