Балиқ қорнида
―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――
«Бас, уни маломатга лойиқ бўлган ҳолида наҳанг балиқ ютди» Вас-Соффот 37:142.
Оллоҳ таоло эса, Юнус (а.с.) ни ютсин деб катта бир балиқ юборди ва у киши уч кечаю уч кундуз1 балиқнинг ичида бўлдилар. Балиқ ичида Юнус (а.с.) Оллоҳ таолога дуо қилади:
Ўлим оғушида чекдим оҳу-дод,
Оллоҳим, нажот бер, деб қилдим фарёд.
Оллоҳ мени денгиз қаърига отди,2
Қаро тўлқин вужудимни қуршади.
Тушкунликка тушиб дедим: «Мабодо,
Ҳаёт нафасидан бўлдимми жудо?
Магар энди ибодатлар қилолмам,
Ал-Ақсони зиёрат ҳам этолмам?»
Пастга тортар эди гирдоб сувлари,
Бўйнимдан бўғарди денгиз ўтлари.
Чўкиб Барзақ тубига етган эрдим,
Умид узиб жаҳондан кетган эрдим.
Ўликлар маскани ичра қамалда
ётардим, эй Оллоҳ, шундай маҳалда
иноят кўрсатиб тутдинг қўлимдан,
мени қутқаздинг-ку мангу ўлимдан.
Нафасим узилиб, барча умидим
Тугаганда, Оллоҳ, Сени эсладим.
Сени эсладим-у, Сенга дод солдим,
Байтуллоҳга етиб борди дуойим!
Кимки тавоф этар арзимас бутни,
инкор этар Худо меҳри-лутфини.
Мен-чи шукур қилиб, айтиб олқишлар,
Сенга қиладурман қурбон-назрлар.
Қутқарувчи Сенсан, Сендадир ҳаёт,
Сендан келар қудрат, Сендадир нажот!3
НАЙНАВО АҲЛИНИНГ ТАВБА ҚИЛИШИ
«Энди агар у тасбеҳ айтувчилардан бўлмаса эди, албатта у балиқ қорнида то қайта тириладиган кунгача қолиб кетган бўлур эди. Бас Биз уни... қуруқликка отдик» Вас-Соффот сураси, 143-145.
Кейин Оллоҳ таоло балиққа амр қилди ва балиқ ҳазрати Юнусни қуруқликка чиқариб ташлади. Ва Оллоҳдан Юнус пайғамбарга иккинчи марта буйруқ келди: «Тур, Найнаво шаҳрига бор! Уларга Менинг сўзларимни эълон қил!» деди. Юнус (а.с.) Оллоҳнинг амрига бўйсуниб, Найнавога бордилар.
«Биз уни юз мингдан ортиқ (одам яшайдиган жой) га пайғамбар қилиб юбордик». Вас-Соффот 37:147.
Найнаво жуда катта ва муҳим шаҳар бўлиб, уни зиёрат қилишга уч кун вақт кетар эди.
Юнус (а.с.) шаҳарда юриб куни билан: “Қирқ кундан кейин Найнаво вайрон бўлади”, деб жар солдилар.
Найнаволиклар Оллоҳнинг сўзини эшитиб, ишониб, тавбага юз тутдилар. Шаҳардаги каттаю кичик қанорга ўраниб рўза тута бошлади. Найнаво подшоҳи ҳам тахтидан тушиб, шоҳона кийимларини ечди, қанорга ўраниб, устига кул сочди ва бутун Найнаво аҳлига:
«Ҳеч ким – на инсон, на ҳайвон овқат емасин, сув ичмасин. Ҳамма қанор кийсин! Оллоҳга ялининглар! Илтижо қилинглар! Гуноҳ ишлардан қайтинглар, зулмдан қўл тортинглар! Ким билади, балки Оллоҳнинг раҳми келиб ғазабидан қайтар, бизни ўлдирмас?» деб фармон берди.
Шундай қилиб Найнаво халқи тавба қилди, ёмон ишлардан қўл тортди. Буни кўрган Худо уларга раҳм қилиб, айтган мусибатини уларга юборгани йўқ.