Пайғамбарлар тарихи

Исо (а.с.) нинг таълимоти, ўн биринчи қисм

―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――

77-боб: “Ташқари ва Ичкари” масаласи

Нурлуқ (р.а.) саҳобалардан эшитиб ривоят қилади: «Бир куни бир тақводор Исо (а.с.) ни таомга таклиф қилди. Расулуллоҳ уйга кириб, дастурхон олдида ёнбошладилар. Тақводор эса у кишининг таомдан олдин таҳорат олмаганини кўриб ҳайрон бўлди.

Расулуллоҳ дедилар: «Сиз тақводорлар тобоқларнинг сиртини эътибор бериб тозалайсиз, лекин ичингиз ёмон нарсалар билан, очкўзлик билан тўлиб ётибди. Эй бефаҳмлар, зоҳирни яратган Оллоҳ, ботиннинг ҳам муаллифи эмасми? Шундай экан, юрак хазинасидан ҳам хайр-садақа беринглар, шунда ичу ташингиз муқаддас бўлади. Ҳолингизга вой, эй тақводорлар! Сизлар ялпиз, судоб ва кашничдан ушр берасиз, лекин Оллоҳнинг адолати ва муҳаббатини эътиборга олмайсиз. Ҳолбуки булар ушрдан қанчалик муҳим! Ҳолингизга вой, эй тақводорлар! Чунки тиловатхоналарда тўрда ўтиришни, кўча-кўйда одамлардан алик олишни яхши кўрасиз. Ҳолингизга вой! Худди одамлар билмай устига оёқ қўйса ўпирилиб тушадиган ахлат чуқурларига ўхшайсизлар».

Шунда фақиҳлардан бири: «Устоз, сиз бу гап билан бизни ҳам ҳақорат қиляпсиз», деди.

«Сизларнинг ҳолингизга ҳам вой, эй фақиҳлар! — дедилар расулуллоҳ. — Сизлар халқ устига оғир-оғир юк ортасизлар, лекин ўзларингиз битта бармоғингизни ҳам бу юкни енгиллатиш учун ишга солмайсиз. Ҳолингизга вой! Ота-боболарингиз пайғамбарларга қулоқ солмай уларни ўлдирган. Сизлар: “Биз пайғамбарларни ҳурмат қиламиз, қабрларига мақбаралар қурамиз”, дейсизлар, лекин аслида пайғомларга бўйсунаётганингиз йўқ. Аслида ота-боболарингиз ишини давом эттиряпсиз. Улар ўлдирган, сизлар эса гўрини безаяпсиз. Оллоҳнинг ҳикматида айтилган: “Мен уларга расуллар ва набилар жўнатаман, улар эса баъзиларини ўлдиради, баъзиларини эса қувғин қилади”. Дунё бино бўлгандан бери ўлдирилган ҳамма пайғамбарлар хуни, Ҳобилдан тортиб то қурбонгоҳ ва меҳроб орасида қатл қилинган Закариёнинг қонигача мана шу наслнинг бўйнига тушади. Ҳа, яна айтаман, ҳаммасининг қони сизлардан сўралади. Ҳолингизга вой, эй фақиҳлар! Сизлар маърифат калитини эгаллаб олгансиз, лекин на ўзингиз кирасиз, на кирмоқчи бўлганларга йўл берасиз».

Тақводорлар ва фақиҳлар бу гаплардан қаттиқ ғазабландилар. Шу кундан бошлаб яна ҳар хил саволлар бериб, Исо (а.с.) ни тузоққа туширишга ҳаракат қила бошладилар».

78-боб: Қанча бериш билан қанчасини беришнинг фарқи

Миррих (р.а.) Сафвон (р.а.) дан ривоят қилади: «Жаноби расулуллоҳ назр қутисига пул ташлаётган одамларга қараб ўтирган эдилар. Кўп бойлар келиб катта пулларни эҳсон қилишди. Кейин бир камбағал бева келиб, қутига икки қора чақа ташлади. Шунда расулуллоҳ шогирдларини чақириб: «Сизларга айтаманки, мана шу аёл ҳаммадан кўра кўпроқ пул берди, — дедилар. — Чунки ҳамма ортганидан назр қилса, у ўзининг бор-йўғини, тирикчилигига зарур бўлган пулини берди».

79-боб: “Худо сиз тарафда, нега қўрқасиз?”

Нурлуқ (р.а.) нинг ривояти: «Бир куни бир неча минг одам тўпланди. Одам кўплигидан ўртага игна ташласа тушмас эди. Исо (а.с.) шогирдларига дедилар:

«Ана у тақводорларнинг риёкор хамиртурушидан эҳтиёт бўлинг. Очилмайдиган ҳеч нарса ёки маълум бўлмайдиган ҳеч қандай сир йўқ: қоронғида айтган гапингиз ёруғда айтилади, уйда шивирлаганингиз томлар устидан овоза қилинади.

Дўстларим, ёдингизда бўлсин: танани ўлдириб кейин ҳеч нарса қилолмайдиганлардан қўрқманг. Танани ўлдириб кейин уни дўзахга ташлай оладигандан қўрқинг. Ҳа, беш чумчуқ бир қора чақага арзимайди, лекин улардан биронтаси ҳам Оллоҳнинг назаридан четда эмас. Сизларнинг қадрингиз эса минглаб чумчуқлардан ортиқроқ. Шундай экан, қўрқманглар! Оллоҳ бошингиздаги сочлар сонини ҳам билади».

***

Нурлуқ (р.а.) Исо (а.с.) нинг мана бу сўзларини ҳам ривоят қилган: «Сизларга айтаман: ким мени бошқалар олдида тан олса, мен ҳам уни Оллоҳнинг фаришталари олдида тан оламан. Ким мени бошқалар олдида инкор қилса, мен ҳам уни фаришталар олдида инкор қиламан. Инсон Ўғлига қарши гап айтган одам кечирилади. Лекин ким агар Оллоҳнинг Руҳига қарши ёмон гап айтса, асло кечирилмайди. Сизларни тиловатхоналарга, бошлиқлар ё ҳокимлар олдига олиб борганларида: «Нима деб ўзимни ҳимоя қиламан», деб қайғурманг. Чунки ўша пайтда Оллоҳнинг ўзи сизларга нима дейиш кераклигини ўргатади».

80-боб: Нодон бой ҳақида масал

Нурлуқ (р.а.) ривоят қилади: «Бир куни одамлар ичидан бир киши Исо (а.с.) га: «Устоз, акамга айтинг, меросни мен билан бўлишсин», деди. Расулуллоҳ унга: «Эй инсон, ким мени сизларнинг устингиздан қози қилиб тайинлабди?!» деб жавоб бердилар. Кейин одамларга: «Эҳтиёт бўлинглар, ҳар хил тўймас хоҳишлардан ўзингизни асранг. Чунки инсон ҳаёти унинг мол-мулки кўпайишига қараб бойимайди», деб насиҳат қилдилар ва мана бу масални айтиб бердилар:

«Бир бой одамнинг даласида бир йили жуда кўп ҳосил унибди. Шунда у ўзича: “Нима қилсам экан? Ҳосилимни қўйишга жойим йўқ, — дебди. — Э, бундай қиламан: омборларимни бузиб қайтадан катта қилиб соламан. Кейин бутун ғалламни, нарсаларимни ўша ерга жойлайман. Кейин ўзимга, эй жоним, ана, кўп вақтга етадиган бойлик тўпладинг. Энди дам ол, еб-ич, кайф-сафо қил, дейман”, дебди. Лекин Оллоҳ унга: “Эй нодон, бугуноқ жонингни эгасига қайтарасан. Шунча йиққан нарсанг энди кимга қолади?” дебди. Ўзи учун бойлик тўплаб, Оллоҳ учун бойимаган одамларнинг қисмати шундай бўлади».

Атоуллоҳ (р.а.) ривоят қилади: «Менга ишонганингиз учун ҳамма халқлар сизлардан нафратланади, қувғин қилишади, ҳатто ўлдиришади. Кўп одам Худодан юз ўгириб, ўз биродарларига хиёнат қилади, бир-бирини ёмон кўради. Кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, кўпларни йўлдан уради. Ёмонлик авж олиб меҳр камаяди. Лекин охиригача чидаган одам нажот топади. Илоҳий Салтанат Хушхабари бутун дунёга эълон қилинади, ҳамма халқларга етиб боради. Шундан кейин “охир” келади.

Дониёл пайғамбар башорат қилган разолат муқаддас жойда турганида,26 Яҳузиядагилар тоғларга қараб қочсин.

Ҳовлида ўтирганлар нарсамни олай деб уйга кирмасин! Даладагилар тўним деб қишлоққа келмасин!27

Ўша пайтда ҳомила ва эмизувчи хотинларнинг ҳолига вой! Бу кунлар қишга ё шанбага тўғри келмасин, деб дуо қилинглар, чунки дунё яратилганидан бери мисли кўрилмаган ва бундан кейин ҳам мисли кўрилмайдиган азобларга гирифтор бўласизлар. Оллоҳ Ўз танлаган одамлари учун бу кунларни қисқартирмаганида ҳеч бир инсон омон қолмас эди.28

Ўшанда кимдир: “Масиҳ у ерда” ё “бу ерда” деса ишонманглар. Чунки кўп ёлғон масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, буюк аломат ва мўъжизалар кўрсатишади. Ҳатто Оллоҳнинг танлаганларини ҳам йўлдан уришга ҳаракат қилади. Шундай экан, ҳушёр бўлинг! Мана, мен сизларни олдиндан огоҳлантириб қўйдим.

Агар биров: “Масиҳ чўлда экан”, деса борманг. “Масиҳ мана бу уйда” деса кирманг. Чақмоқ чақса, осмон шарқдан то ғарбгача ёримайдими? Инсон Ўғлининг келиши ҳам шундай бўлади. Қаерда ўлик бўлса, калхатлар ўша ерга йиғилади.

Ўша азобли кунлардан сўнг, дарров қуёш қорайиб, ой нур бермай қўяди, осмондан юлдузлар тўкилади, самовий кучлар ларзага келади.29 Шундан сўнг самода Инсон Ўғлининг аломати зоҳир бўлади ва ҳамма қабилалар фарёд чекиб йиғлайди. Улар Инсон Ўғлининг бутун шону шавкат билан, кучу қудрат билан, осмон булутлари устида келаётганига шоҳид бўладилар. Кейин Инсон Ўғлининг амри билан баланд овозда карнай янграйди ва фаришталар ернинг тўрт буржига тарқалиб, Масиҳга тегишли бўлганларни бутун ер юзидан тўплаб келадилар. Ўша пайтда бошингизни кўтаринг, қаддингизни тикланг, чунки нажотингиз яқин».

Кейин Оллоҳнинг Расули бизга мана бу масални айтиб бердилар: «Дарахтларга қаранг. Анжирга боқинг. Шохлари юмшаб, барг ёзаётган бўлса биласизларки ёз яқин. Шунга ўхшаб, бу белгиларни кўрганда билингки, Инсон Ўғли яқин — нақ дарвоза олдида. Сизларга айтаманки, бу ишларнинг ҳаммаси мана шу насл ўтиб кетмасдан олдин амалга ошади. Еру осмон йўқ бўлар, лекин менинг сўзларим йўқ бўлмайди».

81-боб: “Ўша кунга тайёр бўлинглар”

Атоуллоҳ (р.а.) ривоят қилади: «Аммо у кун ва у соат қачон келишини Оллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди: на самодаги фаришталар ва на Инсон Ўғли. Инсон Ўғлининг келиши Нуҳ пайғамбар вақтига ўхшайди. То у кемага киргунча халқ еди-ичди, уйланди ва эрга тегди. Нима бўлаётганини улар тушунмади. Кейин бирдан тўфон келиб ҳаммани нобуд қилди. Инсон Ўғлининг келиши ҳам шундай бўлади. Далада икки киши ишлаётган бўлса, бири олинади, бири қолади. Буғдой тугаётган икки хотиндан бири олинади, бири қолади. Бинобарин, ҳушёр бўлиб туринглар, чунки хожангизнинг қачон келишини билмайсизлар. Уй эгаси, агар ўғрининг қачон келишини билса, ухламай кутади, уйини ўғри уришига йўл қўймайди. Худди шундай сизлар ҳам тайёр бўлиб туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар кутмаган соатда келади».

***

Нурлуқ (р.а.): «Мен ер юзига олов ёқиш учун келдим, кошки эди олов тезроқ аланга олса! Лекин мен олдин оғир тажрибадан ўтишим керак, унгача нақадар қийналаман! Мени ер юзига тинчлик келтириш учун келди деб ўйлайсизларми? Йўқ, мен ихтилоф олиб келдим. Оила узвлари энди бир-бирига қарши бош кўтаради. Учтаси иккитасига қарши, иккитаси учинчисига қарши, ота ўғлига, ўғил отасига, она қизига, қиз онасига, қайнона келинига, келин қайнонасига мухолиф бўлади».

82-боб: Замон белгиларининг таъбири

Нурлуқ (р.а.): «Расулуллоҳ кейин одамларга қараб дедилар: «Ғарбдан булут пайдо бўлса, ёмғир ёғади дейсизлар ва ёғади ҳам. Жанубдан шамол эсса, ҳаво исийди дейсизлар ва ҳаво исийди. Нима учун еру осмоннинг авзойини таъбир қила оласизлару замон аломатларини таъбир қила олмайсиз?! Эй иккиюзламачилар! Нима учун ўзингизга муҳим бўлган нарсани тушунишни истамайсиз?»

***

Нурлуқ (р.а.) ривоят қилади: «Биров сендан шикоят қилиб маҳкамага элтадиган бўлса, йўлда у билан келишишга ҳаракат қил. Бўлмаса у сени қозига, қози эса зиндонбонга топширади, зиндонбон эса зиндонга ташлайди. Кейин охирги тангасини бермагунча у ердан чиқа олмайсан».