Пайғамбарлар тарихи

Сомуил алайҳис-салом қиссаси

«Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор. У билан У зотга таслим бўлган набилар, Оллоҳнинг ки­то­би­ни муҳофаза қилишга му­кал­лаф бўлган роббонийлар ва аҳ­бор­лар яҳудий бўлганларга ҳукм юритарлар» (Моида 5:44).

ХУДО ЭШИТАДИ

Афройимнинг Раматоим деган қиш­ло­ғи­да Ёлқин деган бир одам яшар эди. Унинг икки хотини бўлиб, бирининг исми Ҳано, ик­кинчисининг исми Фанина эди. Ҳано ҳеч фарзанд кўрмас, кундоши эса тез-тез буни юзига солиб, уни ранжитар эди.

Шу тарзда орадан анча вақт ўтди. Ҳар гал Байтуллоҳга борганларида кундоши бир нарса деб Ҳанони хафа қилар, Ҳано ке­йин йиғлаб овқат емай қўярди. Эри унга: «Нега ҳеч нарса емаяпсан? Нега хафа бў­ла­ве­ра­сан? Ахир мен сенга ўн ўғилдан яхшироқ эмасманми?» дер эди.

Бир йили улар яна Байтуллоҳга1 борганла­рида, Ҳано зор-зор йиғлаб, Оллоҳга дардини тўкди.

Аччиқ-аччиқ йиғлаб Худога: «Ё Парвардигор! Агар менга биргина ўғил бер­санг, бутун умр уни Сенинг хизматингга қўяр эдим», деб ваъда берди. Кейин анча­га­ча дуо қилиб ўтирди. У ичида га­пирар, ово­зи эши­тилмас, фақат лаб­лари қи­мир­лаёт­ган эди.

Ўша пайтда Байтуллоҳда Али деган киши руҳонийлик қилар, Ҳано дуо қилаётганда у эшик олдида ўтирган эди. Ҳанонинг ҳолатини кўриб, уни ичган бўлса керак, деб ўйлади ва: «Қачонгача маст бўлиб юра­сан? Ичмасанг бўлмайдими?» деб танбеҳ берди.

«Йўқ, ҳазратим, – деди Ҳано. – Нега ундай дейсиз? Шароб ҳам, бўза ҳам ичганим йўқ. Ичимдаги дардимни Оллоҳга айтяпман холос. Шу сабабдан узоқ дуо қилдим».

«Қайғурма, – деди ҳазрати Али. – Бу ҳақда кўнглинг хотиржам бўлсин. Оллоҳ дуоларингни ижобат қилгай».

Ҳано ташаккур айтиб Байтуллоҳдан чиқди. Бориб овқат еди. Кайфияти анча кўтарилган, чеҳраси ҳам ёришган эди.

ДУОНИНГ ИЖОБАТ БЎЛГАНИ

Оллоҳ таоло Ҳанонинг дуосини қабул қилган эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Ҳано ҳомиладор бўлиб ўғил туғди. “Боламни Оллоҳдан тилаб олдим!” деб исмини Сомуил қўйди.

Бола сутдан ажрагач, улар уч яшар буқа, бир чора ун ва бир меш узум шарбати билан болани Байтуллоҳга, руҳоний Алининг олдига олиб келдилар.

«Мени эслайсизми? – деди Ҳано руҳо­нийга. – Мен мана шу ерда Оллоҳдан фарзанд тилаб дуо қилган эдим. Ўғил берсанг, хизматингга қўяман, деб ваъда бе­рувдим. Мана, Оллоҳ дуойимни ижобат қилди. Шун­га энди хизматини адо этсин, деб Бай­тул­лоҳга олиб келдим», деди бола­си­ни кўрсатиб.

Сўнгра кичкина Сомуилни ҳазра­ти Алининг қарамоғида қолдириб, уйлари­га қайтдилар.

РУҲОНИЙНИНГ ЎҒИЛЛАРИ

Ҳазрати Алининг ўғиллари ярамас йигитлар эди. Улар Оллоҳни менсимас, ру­ҳо­нийлик масъулиятини тан олмас эдилар. Халқ қурбонлик олиб келиб сўйганда, ҳали ёғи куйдирилмай туриб, улар қурбонлик гўшти­дан ейиш учун олар, бу эса Худога нисба­тан беҳурматлик эди.

Қурбонлик қилаёт­ган одам: «Шошма, олдин Раббимизга аталган ёғни куйдирай, кейин хоҳлаганча олаверасан», деса, улар: «Йўқ, ҳозир берасан, бўлмаса зўрлик билан тортиб оламан», деб жавоб беришарди.

Бу пайтда кичкина Сомуил Оллоҳга хизмат қилиб юрган эди. Онаси ҳар йили унга бир сидра кийим тикар, эри билан Байтуллоҳ­га келганида, тиккан кийимини ўғлига кийдирар эди.

Уйга қайтадиган вақтда, Байтуллоҳ ру­ҳонийси уларни дуо қилар, «Оллоҳ Со­муил­нинг ўрнини тўлдирсин, уйингизга яна ўғил-қизлар берсин», деб улар учун Худодан фарзанд тиларди. Оллоҳнинг мар­ҳамати билан Ҳано Биби яна учта ўғил-у икки қизли бўлди.

“МЕНИ ИЗЗАТ ҚИЛГАН ИЗЗАТ ТОПАДИ...”

Руҳоний қариб қолган эди. У ўғиллари қилиб юрган ишларни эшитар, Байтуллоҳ эшигида хизмат қиладиган аёллар билан зино қилаётганларини ҳам биларди.

«Болаларим, нима қиляпсизлар ўзи?! Агар инсон инсонга қарши гуноҳ қилса, Худо унга шояд шафоат қилар. Бироқ Худога қарши гуноҳ қилганга ким шафоат қилади?» дерди у куйиниб. Лекин ўғиллари унинг гапига қулоқ солмас эдилар.

Кунлардан бир куни Оллоҳ азза ва жалла руҳоний Алининг олдига бир одамни пайғом билан жўнатди:

«Сизлар Мен учун қилинаёт­ган қур­бон­ликларни оёқости қиляп­сизлар! Нима учун ўғилларингни Мендан баланд тутасан? Сизларни бу хизматга2 Мен қўйган эдим, энди Ўзим бу шарафдан маҳрум қиламан. Мени иззат қилганни Мен иззат қиламан, Мени хор қилган эса шар­манда бўлади», деди.

Сомуил (а.с.) га ваҳий келиши

Ўша пайтларда Оллоҳ таолонинг каломи кам келар, ваҳий фақат аҳён-аҳёнда нозил бўлар эди. Бир куни кечаси, Оллоҳ таоло Сомуилни чақирди. Сомуил ўша вақт Байтуллоҳда, Аҳд Сандиғи қўйилган хонада ухлаб ётган эдилар. Товушни эшитиб: «Лаббай, ҳазратим!» деб югуриб ру­ҳо­нийнинг олдига бордилар.

У эса: «Мен сени чақирганим йўқ, жо­йинг­га бориб ухла», деди. Сомуил (а.с.) жо­йи­га бориб ётдилар.3

Би­роздан кейин яна: «Сомуил, эй Сомуил!» деган товуш келди. Сомуил (а.с.) яна ўрин­ла­ри­дан туриб ҳаз­ра­ти Алининг олдига бор­дилар-да: «Мени чақирдингизми?» деб сў­ра­дилар.

«Ча­қир­ганим йўқ, ўғлим! Бор, жойингга ёт», деди руҳоний.

Сомуил (а.с.) ҳалигача Худодан сўз эшитмаган, шунинг учун ҳам ҳозир Худо гапираёт­ганини тушунмас эдилар.

Кейин Оллоҳ учин­чи марта у кишини чақирди. Сому­ил (а.с.) яна: «Лаббай ҳазратим», деб ру­ҳо­нийнинг олдига бордилар.

Шунда ҳазрати Али Оллоҳдан сўз келганини англади. Кейин: «Бориб жойингга ёт. Агар яна овоз келса, лаббай ё Раббим, амрингга тайёрман, деб жавоб бер», деди.

Бироздан сўнг Оллоҳдан яна сўз келди. Сомуил (а.с.): «Лаббай ё Раббим, амрингга тайёрман», деб жавоб бердилар.

Шунда Худо: «Мен Алига сенинг хонадонингни маҳкум қиламан деб айтган эдим, – деди. – Чунки у ўғилларининг гуноҳларини билса ҳам, ҳеч нарса қилмади. Энди айтган гапла­римни амалга ошираман».

Эртасига эрталаб, Сомуил (а.с.) ҳар доимгидек Байтуллоҳ эшикларини очдилар. Худонинг сўзларини эса руҳонийга айтишга қўрқ­дилар.

Кейин ҳазрати Али у кишини чақириб: «Ўғлим, Худо нима деди? Ҳаммасини айт. Ҳеч нарсани яширма», деди. Оллоҳнинг пай­ғо­ми­ни эшитганидан сўнг: «Ҳа, У Худо. У нимаики деса маъқул», деди боши­ни хам қилиб.

Шу-шу, Сомуил (а.с.) га Худодан сўз келадиган бўлди. Улғаяр эканлар, Оллоҳ таоло ҳамиша у киши билан бирга эди.4

Тез орада бутун мамлакат бўйлаб: “Янги пайғамбар чиқибди, Оллоҳ Ўзига пайғамбар танлабди”, деган хабар тарқади.