Аҳд сандиғи душманлар қўлида
―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――
АБИНЗОРДАГИ ЖАНГ
Бир куни, Абинзорда Бани Исроил билан филистийлар орасида уруш бўлди. Жангда филистийлар лашкари устун келди. Бани Исроилдан тахминан тўрт минг киши ҳалок бўлди.
Қароргоҳга қайтгач, Исроил пешволари ҳайрон бўлиб: «Нега Оллоҳ бугун бизни филистийларга мағлуб қилди? Силомга бориб Аҳд сандиғини олиб келайлик, бизни душмандан қутқарсин», дедилар ва Силомга одам юбориб, Аҳд сандиғини қароргоҳга келтирдилар. Ҳазрат Алининг ўғиллари Афний билан Финеҳ ҳам улар билан бирга келди.
Сандиқ қароргоҳга келиши билан, исроилликлар еру кўкни ларзага солиб, наъра тортдилар. Филистийлар буни эшитиб, нима бўлди экан, деб ҳайрон бўлишди. Кейин Аҳд сандиғи келганини билиб, қўрқиб кетдилар.
«Бани Исроил жангга ўзларининг худосини олиб келибди, энди ҳолимизга вой! – дер эди улар. – Аввал ҳеч бундай нарса бўлмаган эди! Уларнинг худолари кучли! Энди ким бизни қутқаради?»
Бошқалари: «Мана шу худолар мисрликларни даштда ҳар хил офатларга гирифтор қилган! Биродарлар, бўшашмайлик. Агар мардлик билан жанг қилмасак, ўзимиз ибронийларга қул бўламиз!» деб уларни урушга чорлади.
АҲД САНДИҒИ ҚЎЛДАН КЕТДИ
Жангда филистийлар ғалаба қозонди. Бани Исроил қаттиқ зарба еб, мағлуб бўлди. Ўттиз минг одами ҳалок бўлди, қолганлари уй-уйларига қочиб кетдилар. Ҳазрат Алининг иккала ўғли – Афний ҳам, Финеҳ ҳам ўлди. Аҳд сандиғи эса душманга ўлжа бўлди.
Биняминлик бир киши жанг майдонидан қочиб, кийимлари йиртилган, бошига тупроқ сочилган ҳолда ўша куни Силомга етиб келди. Шум хабарни эшитиб, шаҳарликлар доду фарёд кўтардилар.
Ҳазрат Алининг вафот этиши
Бу пайтда руҳоний Али йўл четида курсида, Аҳд сандиғи нима бўлди экан, деб хавотирланиб ўтирган эди. (У киши тўқсон саккиз ёшда бўлиб, кўзлари нурсизланиб, кўрмай қолган эди.)
Йиғи-сиғини эшитиб, одамлардан: «Нима бўлди?» деб сўради. Ҳалиги киши руҳонийнинг олдига келиб: «Мен урушдан қочиб келдим», деди.
«Нима бўлди, ўғлим?»
«Филистийлардан қочдик, йигитларимизнинг кўпи ҳалок бўлди. Иккала ўғлингиз – Афний ҳам, Финеҳ ҳам ўлди. Худонинг сандиғи ҳам қўлдан кетди», деди у.
Аҳд сандиғи душман қўлига тушганини эшитиб, ҳазрати Али ўтирган жойидан орқасига қараб йиқилди. Бўйни узилиб, ўша ерда жон берди. У Бани Исроилга қирқ йил ҳакамлик қилган эди.
Ҳазрат Алининг келини, Финеҳнинг хотини ҳомиладор бўлиб, ой-куни яқин эди. Аҳд сандиғи қўлдан кетганини, қайнотаси ва эри ўлганини эшитган пайт уни тўлғоқ тутди. Тўлғоқ дарди кучли келиб, зўрға кўз ёриди. Жон берар экан, доя хотинлар: «Қўрқма, қўрқма, ўғил кўрдинг», деб далда бердилар.
У эса дояларнинг гапига эътибор бермади. Ўлар экан, «Оллоҳнинг сандиғи қўлдан кетди, Исроилдан шуҳрат юз ўгирди», деб ўғлига “Ихавод” деб от қўйди. Ҳақиқатан ҳам Оллоҳнинг сандиғи қўлдан кетган, эри ҳам, қайнотаси ҳам вафот этган эди.
АҲД САНДИҒИ ФИЛИСТИЙЛАР ЮРТИДА
Филистийлар Аҳд сандиғини Абинзордан Ашдод шаҳрига олиб келиб, Дағон бутхонасига, Дағон ҳайкалининг ёнига қўй дилар. Эртаси куни эрталаб қарасалар, Дағон Аҳд сандиғининг олдида, ерда, юзтубан бўлиб йиқилиб ётган экан! Улар Дағонни жойига кўтариб қўйдилар.
Кейинги куни эрталаб яна Дағонни Аҳд сандиғи олдида юзтубан ётган ҳолда топдилар. Фақат бу сафар унинг боши билан икки қўли кесилиб, остонада ётган эди.
(Шу сабабдан Дағон коҳинлари ҳамда бутхонани зиёрат қилиш учун келадиган одамлар бугунгача остонанинг ўша жойига оёқ босмайдилар.)
Аҳд сандиғи Ашдодга келгач, Оллоҳ таоло ашдодликлар устига ва Ашдод атрофида яшовчи аҳоли устига офат ва қўрқув юборди. Одамларнинг баданига шишлар тошди. Буни кўрган ашдодликлар талвасага тушиб:
«Исроил худосининг сандиғини бошқа жойга жўнатамиз! У бизни ҳам, маъбудимиз Дағонни ҳам жазолаяпти», деб филистий пешволарини бир жойга тўпладилар. Раҳбарлар қарорига кўра сандиқни Жатга кўчирадиган бўлишди.
Сандиқ Жатга келиши билан Жатни ҳам офат ва қўрқув қамради. Халқ, баданларига шиш тошиб азобда қолган, ҳаммани ваҳима босган эди.
Шунда улар Аҳд сандиғини Эҳронга, филистийларнинг бошқа бир шаҳрига жўнатдилар. Сандиқни кўриб, эҳронликлар: «Бизни ўлдириш учун исроилликларнинг сандиғини олиб келдингларми?» деб фарёд кўтардилар.
Дарҳақиқат, Эҳрон аҳлига ҳам ўлат тарқаб, тирик қолганлари оғриқдан азоб чека бошладилар. Бутун шаҳар аҳлини даҳшат босди. Одамларнинг фарёди осмону кўкка ўрлади.
Филистий пешволари яна кенгаш қуриб: «Энди нима қиламиз? Яхшиси, Бани Исроилнинг сандиғини ўзларига қайтарайлик. Бўлмаса, ҳаммамиз қирилиб кетамиз», деб қарор қилдилар.
(Аҳд сандиғи етти ойдан бери филистийлар юртида эди.)