Жаннат боғидан ҳайдалиши
―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――
«Айтдик: «Эй Одам, сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг ва ундаги нарсалардан хоҳлаганча енг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашманглар, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласиз» (Қуръон, Бақара сураси, 35).
Кунлардан бир кун шайтон илон қиёфасида Момо Ҳавво (р.а.) нинг олдига келиб: «Ростдан ҳам Оллоҳ боғдаги ҳеч қайси дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтганми?» деб сўради.1
«Биз боғдаги ҳамма дарахтларнинг мевасидан ея оламиз, — деб жавоб берадилар Ҳавво онамиз. — Оллоҳ фақат бир дарахтни бизга ҳаром қилган. Унинг мевасини еманглар, қўл ҳам тегдирманглар, бўлмаса ўласизлар, деган».
«Йўқ, ўлмайсизлар, — деди шайтон. — Худо атайлаб сизларга шундай деган. Чунки бу дарахтнинг мевасидан есангизлар, кўзларингиз очилади. Кейин Худога ўхшайдиган бўласизлар, яхши-ёмонни фарқлай оласизлар».
Момо Ҳавво (р.а.) мевадан кўз узолмай қолди. Мева жуда чиройли, жуда ширин кўринар эди. Агар есам, билимли бўлар эканман, деб ... мевадан узиб еди. Кейин ёнида турган завжига берди, у ҳам еди.
«Одам (алайҳис-салом) Парвардигорга осий бўлиб, йўлдан озди» (Тоҳо сураси, 121-нчи оят).
Шу билан шайтон Худони ёлғончи қилмоқчи бўлди. “У атайлаб сизларга шундай деган”, деди у.
“Э воҳ, — деб ўйлади Ҳавво онамиз. — Демак Оллоҳ бизнинг баъзи нарсаларни билишимизни истамас экан-да!
Шайтон нима деб васваса қилди: “Агар бу дарахтнинг мевасидан есангизлар, Худога ўхшайдиган бўласизлар. Қачонгача жаҳолатда яшайсиз? Нима яхшию нима ёмонлигини билишни истамайсизми?” Шайтоннинг сўзларидаги маъно шу эди.
Момо Ҳавво нима деб ўйлади? “Агар Худо биздан бу нарсани яшираётган бўлса, демак бизни яхши кўрмас экан-да!” деб ўйлаган бўлса керак. Унда нима қилиш керак? Худо бермаётган бўлса нима қилиш керак? Ўз кучимиз билан эришамизми? “Ол, олавер, қўрқма, — дерди васваса. — Худога ишонсанг юраверасан!”
Шундай қилиб, шу пайтгача Худо билан маслаҳатлашиб, Худога суяниб, Худога ишониб яшаётган биринчи ота-онамиз энди мустақил қадам ташлашга, Худони четлаган ҳолда яшашга қарор қилишди.
НАТИЖАДА...
«(Шайтон) алдов билан уларни (тубан ҳолатга) тушириб қўйди. Ўша дарахтдан тотиб кўришган эдилар, авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар» (Қуръон, Аъроф сураси, 22).
Шу заҳоти иккаласининг ҳам кўзи очилиб, яланғоч эканликларини билиб қолдилар ва анжир баргларидан ўзларига сатр ясадилар.
Кечки шаббода эсаётганда Оллоҳнинг жалоли боққа нузул қилди. Одам Ато ҳам, Момо Ҳаво ҳам даҳшатга тушдилар. Қочиб, дарахтларнинг орасига беркиндилар.2
«Қаердасан? — деб чақирди Оллоҳ.
«Келаётганингни эшитиб қўрқдим, — деди Одам (а.с.), — чунки яланғочман».
«Яланғочсан деб ким айтди сенга? Мен ема, деган мевадан едингми?»
«Сен берган хотин менга бу мевани берди, — деди Одам алайҳис-салом. — Кейин мен едим».
Шунда Худо Момо Ҳаввога: «Нима қилиб қўйдинг?» деди. «Илон мени алдади, кейин мен едим», деди у.
Худо илонга: «Бу ишинг учун ҳайвонлар ичида лаънатландинг, — деди. — Энди бир умр қорнинг билан судралиб юрасан. Емишинг тупроқ бўлади. Мен сен билан хотинни, сенинг наслинг билан унинг наслини бир-бирингизга душман қиламан. Сен унинг тўпиғини чақасан, у эса бошингни эзади».
Кейин Ҳавво онамизга: «Энди сен қаттиқ қийналиб, азоб билан бола туғасан, — деди. — Эрингга қараб талпинасан, у эса устингдан ҳокимлик қилади».
Одам (а.с.) га эса: «Хотининг гапига кириб, Мен ҳаром қилган мевани еганинг учун ер лаънатланади.3 Энди бутун умр ерда заҳмат чекиб нон топасан, ер тикан ўстириб сени қийнайди, — деди. — То тупроққа қайтгунча, пешана теринг билан нон топасан. Оқибат тупроққа қайтасан. Чунки тупроқдан олингансан, яна қайтиб тупроққа айланасан».
ҲАЙДАЛИШ
«Бас, уларни шайтон йўлдан оздириб, масканларидан чиқарди4 ва айтдик: «Тушингиз! (Сизлар) бир-бирингизга душмансиз. Энди маълум вақтгача ерда маскан тутиб яшайсиз» (Бақара сураси 36).
Кейин Оллоҳ таоло Одам Ато ва Момо Ҳавво учун теридан кийим қилди ва: «Одамзот вақтидан олдин Биз каби яхши-ёмонни билишни истаб қолди. Энди ҳаёт дарахтидан еб абадий яшашига йўл бермайлик. Бориб, тупроққа ишлов берсин», деб уларни боғдан ҳайдаб чиқарди. Ўз ҳузурида яшашдан маҳрум этди. Боғнинг эшигига бўлса каруб деган махлуқларни қўриқчи қилиб тайинлади. Ҳар томонга ҳаракат қиладиган оловли қилич йўлни қўриқлаб турарди.
Гуноҳ туфайли одамлар Оллоҳнинг ҳузурида яшашдан маҳрум бўлишди. Фақат Оллоҳ билан бирга яшашни биз «ҳақиқий ҳаёт, бахтли ҳаёт» деб аташимиз мумкин. Унда Оллоҳсиз яшашни нима деб атаймиз? Ўлим дебми?
Тўғри. Ўлим сўзи аслида айрилиқни англатади. Ўлган одам қариндош-уруғларидан, бола-чақасидан айрилади. Лекин энг ёмон ўлим — Худодан, Худонинг ҳузуридан айрилишдир. Худо «ундан еган кунингоқ ўлимга юз тутасан», деб бекорга айтмаган эди.
НИМА БЎЛДИ ЎЗИ?
Хўш, шунга нима бўлибди, деб ўйлашингиз мумкин. Биласизми, агар гуноҳ бўлмаганда биз Худонинг ҳузуридан ҳайдалмаган бўлардик. Энди ўртага девор тушди.
Гуноҳ бўлмаганда касаллик ёки ўлим ҳам йўқ эди. Худо Одам Атони касал бўлсин, ёки фалон йилдан кейин вафот этсин, деб яратган эмас эди.
Гуноҳ бўлмаганда одамлар ўртасида хафачилик, гина, тушунмовчилик, ғазаб ёки нафрат каби нарсалар ҳам бўлмасди. Оллоҳ инсонларни бир-бирига меҳр-оқибатли бўлсин, бир-бирлари билан яхши покиза муносабат қурсин, деб яратган.
Атрофингизга қаранг. Кўриб турган ёмон нарсаларнинг биронтаси ҳам бошида йўқ эди. Худо инсонни гўзал ҳаёт учун, ҳақиқий ҳаёт учун яратган эди. Гуноҳ туфайли дунё ўзгариб кетди.
Худо бизни яна, ер юзини обод қилишимиз учун ҳам яратган эди. Ҳозир эса инсонлар бунинг тескарисини қиляпти: ер заҳарланган, сув заҳарланган, ҳаво заҳарланган... Одамлар энди Худо хоҳлаганидек ҳаёт кечираётганлари йўқ.
Энг ёмони, одамзот Худонинг ҳузуридан маҳрум бўлди. Биз ҳайдалдик — Худонинг ҳузуридан ҳайдалдик.
«Кейин Одам ўз Раббидан бир неча сўзлар қабул қилиб олганидан сўнг (Оллоҳ) унинг тавбасини қабул қилди. Албатта У тавбаларни қабул қилгувчи меҳрибон Зотдир. «У жойдан ҳаммангиз тушингиз», дедик. «Бас, сизларга Мен тарафдан Ҳидоят келганида (унинг орқасидан эргашинглар). Менинг Ҳидоятимга эргашганлар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар» (Бақара сураси 37-38).
Оллоҳ таоло юборадиган Ҳидоятга эргашиш ҳақида ҳадис ҳам бор. Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилишича пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) деганлар: «Мусо муножот пайтида Раббиларидан етти нарсани сўрадилар. Уларнинг олтитаси ўзлари учун эди, еттинчисини эса Мусо яхши кўрмас эдилар.
Дедиларки: «Раббим, қайси банданг тақволироқ?»
Оллоҳ дедики: «Мени доим эслаб юрадиган ва унутмайдиган бандам».
Дедиларки: «Қайси банданг энг тўғри йўлда?»
Оллоҳ дедики: «Ҳидоятга эргашгани».
Дедиларки: «Қайси бандангнинг ҳукми ўткирроқ?
Дедики: «Одамларга худди ўзига ҳукм қилаётгандек ҳукм қилганнинг».
Дедиларки: «Қайси банданг билгувчироқ?»
Дедики: «Илмга тўймайдиган ва одамларнинг илмини ўз илми билан жамлайдигани».
Дедиларки: «Қайси банданг азизроқ?»
Дедики: «Қодир бўла туриб кечиргани».
Дедиларки: «Қайси банданг бойроқ?»
Дедики: «Берилганига шукур қилгани».
Дедиларки: «Қайси банданг фақирроқ?»
Дедики: «Нуқсон соҳиби».