Пайғамбарлар тарихи

Дунёнинг яратилиши ҳақида баён

―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――

Оллоҳ таоло бутун оламни олти кунда яратган. Қоф сурасида: «Осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни олти кунда яратдик», деган оят бор (50:38).

Биринчи икки кун ичида Оллоҳ нурни зулматдан ва ерни осмонлардан ажратади. Қолган тўрт кун ичида ерга жило беради: Бани Одам учун1 тоғларни, ўсимликлар дунёсини ва ҳайвонот оламини вужудга келтиради.

Охирида эса яратилган махлуқот ичида энг гўзали бўлмиш инсонни — биринчи ота-энамизни яратган. Қуръон: «Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик», деб айтади (Ат-Тийн сураси). Яна бир оятда: «Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилдик... Ўзимиз яратган кўп нарсалардан афзал қилиб яратдик» дейди (Исро 17:70).2

ҚАЙҒУ ЙЎҚ ДУНЁ

Оллоҳ таоло нимаики яратган бўлса, ҳаммаси яхши эди. У «ҳар бир нарсани гўзал қилиб яратган» зот (Қуръон карим 32:7).

Унинг “Бўлсин!”3деган буйруғи билан ер юзида ўсимликлар, турли-туман мева берадиган дарахтлар ўсиб чиқди. “Бўлсин!” деган буйруғи билан сувларда балиқлар, ҳар хил денгиз жониворлари пайдо бўлди.

“Бўлсин!” деган буйруғи билан ҳар хил ҳайвонлар, ранго-ранг қушлар вужудга келди. Ҳар бир нарсада Оллоҳнинг баракаси кўриниб турган эди.

Ерда ҳали касаллик, ўлим, ташвиш ёки қайғу деган нарсалар йўқ эди. Боғ турли-туман мева берадиган дарахтлар билан тўла, Одам (а.с.) ҳам, Момо Ҳавво ҳам (р.а.) Оллоҳнинг ҳузурида шоду хуррам ҳаёт кечирар эдилар. Ёмонлик нима эканини улар ҳали билмас эдилар.4

ҲАЗРАТИ ОДАМ — ОЛЛОҲНИНГ ЕР ЮЗИДАГИ ХАЛИФАСИ

Оллоҳ субҳанаҳу ва таоло биринчи ота-онамизни яратганда уларни баракалаб, бундоқ деб амр қилган экан: «Самарали бўлинглар. Кўпайиб ер юзини тўлдиринглар. Мана шу ерни Мен сизларга бердим. Балиқлар, қушлар, ерда яшаётган ҳамма жониворлар устидан ҳукмронлик қилинглар. Мана, Мен сизларга озуқа қилиб ҳамма донли ўсимликларни, мевасида данаги бор ҳар хил дарахтларни бердим».5

Демак ўша пайтда ҳазрати Одамга халифалик унвони, яъни бутун ер юзи устидан ҳукмронлик қилиш ҳуқуқи берилган. Қуръонда ёзилишича, Оллоҳ Одам (а.с.) ни яратишдан олдин фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деб хабар берган экан (Бақара сураси, 30-оят).

ИБЛИС ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ

Шундан кейин Оллоҳ таоло фаришталарга Одам (а.с.) га сажда қилинглар, деб амр қилади. Қуръони каримда бундай деб ёзилган: «Батаҳқиқ, Биз сизларни яратдик, кейин сизларга суврат бердик. Сўнгра фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», дедик. Улар сажда қилдилар. Магар Иблис сажда қилувчилардан бўлмади».

Оллоҳ кейин Иблисдан: «Нега сажда қилмадинг?» деб сўраганида Иблис:6 «Мен (Одамдан) яхшироқман, чунки Сен мени ўтдан яратдинг, уни эса лойдан», деб жавоб беради (Аъроф сураси 11-12 оятлар).

«(Оллоҳ) деди: «Бас, ундан туш! Сенга унда мутакаббирлик қилиб юриш йўқ. Бас, чиқ! Албатта, сен хору зор бўлгувчилардансан», деди. (Иблис эса): «Менга улар қайта тириладиган кунгача муҳлат бер», деди. У зот: «Муҳлат бердим», деди. (Иблис): «Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен уларни Тўғри Йўлингда тўсиб ўтираман. Сўнгра уларнинг олдиларидан, орқаларидан, ўнг томонларидан ва чап томонларидан келаман. Ва уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмассан», деди» (Аъроф сураси 13-17).

Шу тариқа Иблис одамзотнинг душманига айланади.