Пайғамбарлар тарихи

Исо алайҳис-саломнинг туғилиши

―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――

Марям (а.с.) Юсуф1 деган бир йигитга унаш­ти­рилган эдилар. Юсуф яхши одам эди, Марямнинг иккиқат экан­ини билгач, уни шарманда қилгиси кел­май, халқ ол­ди­да айбламасдан никоҳни бекор қил­моқ­чи бўлдилар.

Юсуфга ваҳий келиши

Ўша куни кечаси Оллоҳнинг фариштаси унинг тушига ки­риб: «Эй Юсуф, Марямни уйингга олиб ке­лишдан қўрқма. Унинг қорнидаги чақалоқ Оллоҳнинг қудрати би­лан бўлди! У ўғил туғади, исмини Исо2 қўясан, чунки у мў­мин­ларни гуноҳларидан қутқаради», деди.

Шу тариқа Ишаъё пай­ғам­бар берган мана бу башорат амалга ошди:

«Бокира3 қиз ҳа­м­ладор бўлиб ўғил туғади ва одамлар, Оллоҳ биз билан, деб айтадилар».

Юсуф (а.с.) уйқудан тургач, берилган ва­­ҳий­­га итоат этиб, Биби Марямга уй­лан­ди­лар, лекин то кўз ёри­ма­гунча яқин­лик қил­ма­дилар.

Ашба бибининг уйида

Кейин ҳазрати Марям холасининг, яъни За­кариё (а.с.) нинг уйига бо­р­­ди­­лар. Ашба Биби ўшанда Яҳё (а.с.) га ҳамла­дор эди. Марям (а.с.) ни қаршилар экан:

«Му­бо­рак­сан-муборак, қорнингдаги фар­занд ҳам му­бо­рак! Не бахтки Мав­ло­но­нинг она­си мени кўришга ташриф бую­риб­ди! Са­ло­минг­ни эшитиши билан қор­ним­да­ги бола шодликдан ҳаракатга тушди!» деган экан.4

Исо (а.с.) нинг туғилиши

«Бас, унга ҳамладор бўлди. Сўнгра у би­лан узоқ маконга чет­лан­ди» (Марям, 23-25).

Бир неча ойдан сўнг император Августус бутун аҳолини рўйхатга олиш ҳақида фар­мон эълон қилди. Рўйхатдан ўтиш учун ҳамма ўз шаҳрига бориши керак эди. Юсуф ҳам Биби Марямни олиб, Но­си­ра шаҳридан Байтлаҳмга – аждоди Довуд пайғамбар шаҳрига равона бўлдилар. Байт­лаҳм­га келганларида Марямнинг ой-куни тўлиб, ўғил туғди.

«Бас, тўлғоқ уни хурмо танасига олиб борди. У: «Кошки... ўлсам эди ва бутунлай унутилиб кетсам эди», деди. Шунда (хурмо) остидан: «Хафа бўлма, батаҳқиқ, Раббинг остингдан оқар ариқ қилди. Хурмони силкит, сенга янги мева туширади», деган нидо келди».5

Ўша куни тунда, Байтлаҳм бўйидаги яй­лов­да, бир неча чўпон сурувларини қў­риқ­лаб ўтирган эдилар. Ногаҳон, илоҳий бир нур уларни ўз оғушига олди. Оллоҳнинг фариштаси кўз ўнгларида зо­ҳир бўлди. Чўпонлар қаттиқ қўрқиб кетдилар.

«Қўрқманглар, – деди фаришта. – Мен сизларга бутун халқ учун берилган, улуғ бир шодлик ато этувчи Хушхабар олиб кел­дим! Бугун Довуд шаҳрида сизлар учун Нажот­кор – Оллоҳ тайин этган Подшоҳ, Мав­ло­но дунёга келди!!!»

Тўсатдан фаришта олдида сон-саноқсиз ма­лак­лар лашкари пайдо бўлиб Оллоҳга ҳамду сано айта бошладилар.

Фаришталар ғойиб бўлгач чўпонлар бир-бирларига: «Юринглар, Байтлаҳмга6 ки­риб, Раббимиз билдирган нарсани ўз кў­зи­миз билан кўрайлик», дедилар ва югу­риб ша­ҳарга келдилар – Марямни, Юсуфни ва охур ичида ётган чақалоқни кўрдилар.

Чақалоқнинг бешикда гапиргани

Хурмо тагидан чиққан овоз ҳазрати Мар­ям­га: «Бирор одамни кўрар бўл­санг, мен Раҳмонга рўза назр қилдим. Бу­гун одам­лар билан зинҳор гаплашмайман, де»,7 деб таъкидлаган эди.

Одамлар орасига чақалоғига кўтариб кел­гач улар унинг вақтидан олдин туғиб қўй­га­ни­ни кўриб: «Отанг ёмон одам эмас эди, онанг ҳам бузуқ бўлмаган»,8 деб Биби Мар­ям­ни айбладилар. Шунда Марям ча­қа­лоғига ишора қилиб, ундан сўранглар де­ган маънода имлади. Одамлар ҳайрон бўлиб:

«Бешикдаги чақалоқ билан қандай гаплашамиз?!» дедилар. Шунда (гўдак тилга кириб): «Мен Оллоҳнинг бандасиман. У менга китоб берди, мени пайғамбар қилди. Мени қаерда бўлсам ҳам муборак этди. Токи ҳаёт эканман, солат ва закотни адо этишни, онамга меҳрибон бўлишни тавсия қилди. Жабр-ситам қилгувчи, бадбахт қилмади. Менга туғилган кунимда ҳам, ўладиган кунимда ҳам ва қайта тириладиган ку­ним­да ҳам салом бордир», деди. Мана шу шубҳа қилишаётган Ийсо ибн Марям – Ҳақнинг сўзидир».8

Шимён ҳазратлари билан учрашганлари

Саккизинчи куни чақалоқни хатна қи­либ, Исо деб от қўйдилар. Нифос даври тугагач, Юсуф билан Биби Марям Таврот ҳук­ми­га биноан, Оллоҳга ба­ғиш­лаш учун гўдакни Байтуллоҳга олиб бордилар.

Байт-ул-Муқаддасда Шимён исмли тақ­во­дор бир инсон, Оллоҳга суянадиган, Оллоҳ­нинг тасаллисини инти­зор­лик билан ку­та­ёт­ган бир одам бор эди. Худо унга: “Сен то Мен юборадиган ал-Масиҳни кўрмагунча ўлмайсан”, деб ваҳий берган эди.

Юсуф билан Биби Марям Байтуллоҳга кел­ган­ла­ри­да Шимён ҳаз­рат­лари ҳам Оллоҳнинг амри билан Байтуллоҳга ке­ла­ди­лар ва ча­қа­лоқ­ни қўлларига олиб, Оллоҳ­га шук­ро­на­лар айтадилар:

«Ё Раббим, мана Ўзинг айтгандек, мен қу­линг­ни тинчлик билан қўйиб юборяпсан, чунки кўзларим элу халқлар учун ҳидоят бўладиган,9 халқинг Бани Исроилга шукуҳ кел­ти­радиган на­жо­тингни кўрди».

Юсуф билан Биби Марям бу гап­лар­дан ҳайратга тушдилар.

Ҳазрати Шимён уларни дуо қилиб, Биби Марямга де­ди­лар: «Бу гўдак кўпларнинг қулашига ва кўпларнинг юксалишига сабаб бўлади. У Оллоҳнинг оятики халқнинг ўй-фикр­ла­ри­ни ошкор қилади. Кўп одамлар унга қарши чиқади, сенинг қалбингга ҳам ханжар санчилади».

Байт-ул-Муқаддасда саксон тўрт яшар бир пай­ғам­бар аёл ҳам бор эди. Исми Ҳано бўлиб, Ашир қабиласидан бўлган. Ёш­ли­ги­да эрга чиқиб етти йилдан кейин тул қолган, кейин эса бошқа эр қилмаган. У кўп вақтини Байтуллоҳда ўтказар, кечаю кундуз рўза ва дуолар билан машғул эди.

Ўша соатда Ҳано Биби ҳам уларнинг ол­ди­га келиб, Оллоҳга ҳамду санолар айтади. Кейин нажот келишини кутиб юрган одам­лар­нинг ҳаммасига бу бола ҳақида гапи­ра­ди­лар.10

Мунажжимлар ташрифи

Шундай қилиб Исо (а.с.), Ҳирод под­шоҳ­лик қилаётган даврда Байтлаҳм шаҳ­ри­да дунёга келган эдилар. Икки ёшга чиқади­ган пайтида шарқдан бир нечта мунажжим Байт-ул-Муқаддасга ташриф бую­ра­ди. Улар келиб: «Юртингизда подшоҳ бў­лиш учун туғилган бола қани? Биз шарқ­дан унинг юлдузини кўриб, унга таъзим қи­лиш учун келдик», деб айтадилар.

Бу хабар подшоҳ Ҳироднинг қулоғига етиб келиб, подшоҳнинг ҳам, у билан бирга бу­тун Байт-ул-Муқаддас аҳлининг ҳам тинч­лиги йўқолди. Ҳирод дарров ру­ҳо­нийларни ва фиқҳ олимларини ча­қи­риб: «Масиҳ қа­ер­да ту­ғи­лиши керак?» деб сўради.

«Байт­лаҳмда, – деб жавоб бе­ришди улар. – Чунки пайғамбарлар ки­то­бида шундай деб ёзил­ган – Эй Яҳу­зия­нинг Байтлаҳми, сен бошқа ша­ҳар­лар­дан асло кам эмассан, чунки Менинг халқимга чў­пон­лик қилувчи Раҳ­на­мо сендан келиб чиқажак!»

Ҳироднинг макр ишлатмоқчи бўлгани

Шунда Ҳирод мунажжимларни ҳузурига хуфёна чақиртириб, юлдуз қачон пайдо бўлганини аниқлаб олди. Кейин уларни Байтлаҳмга жўнатиб: «Болани албатта из­лаб топинглар. Топгандан сўнг менга ха­бар қи­линглар, мен ҳам бориб, унга таъ­зим қил­моқчиман», деб қаттиқ тайинла­ди.

Мунажжимлар йўлга тушдилар. Шунда ногоҳ, ўша шарқда кўринган юлдуз яна уларнинг олдида пайдо бўлиб, уларга йўл кўрсатиб борди ва бир уйнинг тепасида тўхтади.

Улар юлдузни кўриб беҳад қувондилар. Уйга кириб, тиз чўкиб чақалоққа таъзим қил­дилар. Кейин қутиларини очиб, ўзлари би­лан олиб келган тилла, қимматбаҳо мир ати­ри ва хушбўй совғаларни чақалоққа ҳадя қил­ди­лар.

Кейин бошқа йўл билан ва­тан­ла­ри­га қайтиб кетишди, чунки Худо улар­ни ту­ши­да, Ҳиродга кўринманглар, деб огоҳ­лан­тир­ган эди.

Мисрга қочиш

Улар кетганларидан сўнг Юсуф (а.с.) нинг ту­ши­га бир фаришта кириб: «Тур! Бола би­лан она­си­ни олиб Мисрга қоч, Ҳирод ча­қа­лоқ­ни топиб ўлдирмоқчи. Мен хабар бергунча Мисрда яшаб турасизлар», деди.

Юсуф (а.с.) ўша куни кечаси оиласини олиб йўлга чиқдилар ва то Ҳирод дунёдан ўт­гун­ча Мисрда яшадилар. Шу тариқа пай­ғам­бар орқали “Аржумандимни Миср­дан ча­қи­риб олдим”, деб айтилган ба­шо­рат амал­га ошди.

Чақалоқлар қирғини

Мунажжимлар кетиб қолганини англагач Ҳирод ғазабга миниб, Байтлаҳм ҳамда Байтлаҳм атрофидаги икки ёшгача бўлган ҳамма ўғил чақалоқларни ўлдиришга буйруқ берди. Чунки мунажжимлар айтган вақт шунга тўғри келар эди.

Шу тариқа Ирмиё пайғамбар орқали берилган мана бу башорат амалга ошди:

«Йиғи, мотам товуши эшитилар Рама­дан,

Фарёд чекар тўхтамай Роҳийлнинг қиз­ла­ри.

Ҳеч кимса юпатолмас доғда қолган онани,

Ўлиб кетди, йўқ энди, севикли фар­занд­ла­ри!»

Носирага қайтиш

Подшоҳ Ҳирод оламдан ўтгач, Оллоҳ тао­ло Ўз фариштасини Мисрга, Юсуф (а.с.) нинг олдига юборади. Фаришта унинг ту­ши­да зоҳир бўлиб: «Энди юртингларга қай­тинг­лар, болани ўлдирмоқчи бўлганлар дунёдан ўтди», дейди.

Юсуф (а.с.) оила­си­ни олиб, ўз юртига қайтиб келди. Лекин Ҳироднинг ўрнига ўғли Архелай тахтга ўтирганини эшитиб, Яҳузияга боришга қўрқди. Тушида ваҳий олиб, Жалила ви­лоя­ти­нинг Носира шаҳрига бориб жой­лаш­дилар.

Исо (а.с.) кундан-кунга улғайиб, кучга ва ҳик­мат­га тўлар, Оллоҳнинг марҳамати у киши билан бирга эди.