Таржимондан сўз боши
―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――
﷽
«Эй барча мулкнинг эгаси Раббим! Хоҳлаган кишингга мулк берурсан ва хоҳлаган кишингдан мулкни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан, хоҳлаган кишингни хор қилурсан. Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Албатта, Сен ҳар бир нарсага қодирсан. Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда хоҳлаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан» (Оли Имрон 3:26-27).
ٱللَّهُمَّ مَـٰلِكَ ٱلْمُلْكِ تُؤْتِى ٱلْمُلْكَ مَن تَشَآءُ وَتَنزِعُ ٱلْمُلْكَ مِمَّن تَشَآءُ وَتُعِزُّ مَن تَشَآءُ وَتُذِلُّ مَن تَشَآءُ ۖ بِيَدِكَ ٱلْخَيْرُ ۖ إِنَّكَ عَلَىٰ كُلِّ شَىْءٍۢ قَدِيرٌۭ تُولِجُ ٱلَّيْلَ فِى ٱلنَّهَارِ وَتُولِجُ ٱلنَّهَارَ فِى ٱلَّيْلِ ۖ وَتُخْرِجُ ٱلْحَىَّ مِنَ ٱلْمَيِّتِ وَتُخْرِجُ ٱلْمَيِّتَ مِنَ ٱلْحَىِّ ۖ وَتَرْزُقُ مَن تَشَآءُ بِغَيْرِ حِسَابٍۢ
«Батаҳқиқ, (пайғамбарлар) қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор». (Юсуф сураси, 111-оят)1
Aлҳамду лиллаҳи раббил аъламийн. Вас-солату вас-саламу аъла саййидина Муҳаммад ва аъла алиҳи ва асҳобиҳи ажмаъийн. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу. Аъмма баъд...
Ушбу китоб араб тилида “Қисас ал-Анбия” деб аталиб, пайғамбарлар (а.с.) тарихини ҳикоя қилади. Бу жанрда ёзилган китоблар бир нечта. Улардан биринчиси Муҳаммад Ибн Исҳоқнинг тўплами бўлиб, у киши ўз асарини асосан уч мавзуга бағишлаган: дунёнинг яратилиши ҳамда Муҳаммад (с.а.в.) дан аввалги пайғамбарлар тарихи (Kitab al-mubtada’), пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг ҳаёти ва олган ваҳийлари (Сира), ва у кишининг ҳарбий юришлари (Maghozi).
Афсуски, Ибн Исҳоқнинг асари бизгача етиб келмади, лекин баъзи уламолар, масалан Ал-Табарий ўз тафсирида ва олам тарихи ҳақида ёзган китобида Ибн Исҳоқнинг гапларини қайта-қайта тилга олган (қаранг: Tarikh al-rusul wa-l-muluk). Хусусан, сўнгги китобнинг ғоясида ҳам, шаклида ҳам Ибн Исҳоқнинг таъсири жуда кучли.
Қисас ал-Анбия жанрида қалам тебратган ёзувчилардан яна бири аслан келиб чиқиши форсий бўлмиш яманлик Ваҳб ибн Мунаббиҳ. У киши пайғамбарлар тарихи ҳақида баён қилувчи юзта бўлимни ўз ичига олган тўплам соҳиби. Араб тилидан ташқари, иброний ҳамда арамий тилларини ҳам яхши билган. Таврот ва Забур китобларини асл матнда ўқий олар, шу сабабдан қадимги пайғамбарлар тарихини кучли далил ва ҳужжатлар билан баён этган.
Қисас ал-Анбиянинг яна бир тўплами хуросонлик Исҳоқ ибн Бишрга тегишли. У киши бошқа мавзуларда ҳам асарлар яратган, пайғамбарлар тарихига атаб эса «Mubtada’ al-dunyа wa qisas al-Anbiyа», деган китоб ёзган (яъни, «Дунёнинг бошланиши ва пайғамбарлар тарихи»). Яқин-яқингача бу китоб йўқолган саналар, бахтга кўра бир неча йил олдин китобнинг биринчи қисми топилиб, дунё кутубхонаси яна битта қўлёзмага бойиди.2
Пайғамбарлар тарихининг кейинги тўплами Абу Исҳоқ ал-Салабийники.3 Унинг илоҳий битикларга ёзган тафсирлари катта илмий аҳамиятга эга бўлса-да, халқ орасида унчалик шуҳрат қозонмади.
Навбатдаги ёзувчи Ал-Ҳайсам ибн Муҳаммад ал-Бушанжий. Унинг араб тилида битилган «Qisas al-Qur’аn» тўплами ҳам алоҳида диққатга сазовор. Китоб Қуръонда айтилган пайғамбарлар тарихини, пайғамбарлар ҳақида айтилган ривоятларни, ҳамда набий Муҳаммад (с.а.в.) нинг ҳаётини баён қилади.
Қуддуслик Аҳмад ибн Абу Узайба ҳам «Қисас ал-Анбия» тўплаган, лекин бизгача унинг фақат битта қўлёзмаси етиб келган, холос.
Араб бўлмаган муаллифлар ичида эса Насриддин Рабғузийнинг туркий тилда ёзган китоби энг муҳим ўрин эгалласа керак. Унинг пайғамбарлар ҳақида ёзган қиссалари катта ҳажмда бўлиб, кўп тафсилотларни ўз ичига олган ривоят ва афсоналардан иборат.
Кейинроқ Ибн Таймийя ҳамда унинг шогирди Ибн Касир, ўша замонда мавжуд бўлган Қисас ал-Анбия китобларини текширувдан ўтказадилар. Баъзи ҳикояларни, айниқса яҳудий ҳамда насроний матнларда мавжуд бўлган қиссаларни рад этадилар.4
Ҳа, асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб келаётган бу адабий жанр, «Қисас ал-Анбия» китоблари, ҳануз ўқувчилар орасида машҳур. Араб, форс ҳамда туркий халқлар орасида «Пайғамбарлар тарихи» қайта-қайта нашр қилинмоқда. Масалан, мисрлик ал-Шаровийнинг “Қисас ал-Анбия” си ҳам жуда машҳур. 3000 саҳифадан ортиқ бу китоб беш томдан иборат бўлиб, пайғамбарлар тарихини замонавий тарзда шарҳлаган, юзаки бўлса ҳам, жуда кўп маълумотни ўз ичига олган.
Шу пайтгача араб тилида, форс тилида ҳамда туркий тилларда пайғамбарлар тарихи кўп марта нашр бўлган. Лекин афсуски, ўзбек тилида бу адабий жанр жуда кам босилди. Шу сабабдан биз ҳам, айтишга арзигулик бўлмаса-да, бу борада бироз тер тўкиб, ўтган пайғамбарлар тарихи ҳақида озгина бўлса ҳам маълумот етказишга ҳаракат қилдик.
Ушбу китоб Абу Ҳамид ибн Муҳаммаднинг тўплами. У киши пайғамбарлар тарихини қадимий ишончли манбалардан, хусусан Таврот ва Забури шарифлардан ўрганган, Қуръони каримда бу ҳақда ёзилган оятларни таҳлил қилган ва Ислом динидаги буюк уламолар, жумладан Табарий, Ибн Исҳоқ, Ибн Халдун ҳамда Яъқубий каби олимларнинг тафсирларини ҳисобга олган. Биз бу тўпламни баҳоли-қудрат ўзбек тилига таржима қилдик. Умид қиламизки, пайғамбарлар қиссаси қалбингизга илҳом бериб, яхшиликка, тўғриликка, тақволи ҳаётга даъват этса.
Ҳурмат билан, таржимонлар гуруҳи.