Пайғамбарлар тарихи

Иброҳим (а.с.) аҳдининг тасдиқланиши

―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――

Оллоҳ таоло кейин Иброҳим (а.с.) га рўё бериб: «Қўрқма Иброҳим, — деди. — Мен сен билан аҳд1 тузяпман. Сен Менинг ҳимоям остидасан. Оладиган мукофотинг жуда буюк».

Расулуллоҳ эса: «Ё раббим Оллоҳ! Мана, ҳали ҳам бефарзандман. Шундай экан, берадиган мукофотингни нима қиламан? — деб сўрадилар. — Ўлсам мол-мулкимни дамашқлик Элъазар оладими? Фарзанд бермадинг. Мерос ҳам хизматкоримга қолади-да».

«Йўқ, — деди Оллоҳ (с.в.т). — Мерос хизматкорингга эмас, ўз белингдан чиқадиган ўғлингга тегади», деди. Кейин ҳазрати Иброҳимни ташқарига олиб чиқиб: «Осмондаги юлдузларга қара. Санаб охирига етолмайсан. Сенинг наслинг ҳам шу юлдузлардек кўп бўлади», деди.2

(Иброҳим (а.с.) Оллоҳга суянган инсон эдилар. Шу сабабдан Оллоҳ у кишига сиддиқ3 деган мақом ато этган эди.)

Кейин Оллоҳ у кишига: «Мен мана шу ерни сенга бериш учун сени калдонийлар шаҳридан олиб келганман», деди.

Иброҳим (а.с.) эса: «Ё Раббим, бу ерни менга беришингни қандай биламан?» деб сўрадилар.

Оллоҳ таоло: «Менга битта уч яшар ғунажин, битта уч яшар эчки, битта уч яшар қўчқор, битта мусича ва каптар жўжасини олиб кел», деди.4

Расулуллоҳ бориб, айтилган нарсаларни олиб келдилар. Қушлардан бошқа ҳаммасини ўртасидан кесиб икки бўлак қилдилар ва бўлакларни бир-бирининг қаршисига қўйдилар. Кун ботар чоғи қаттиқ уйқуга кетдилар. Тушида ҳамма ёқни қўрқинчли бир қоронғилик чулғаб олган эмиш.

Кейин унга Худодан: «Сен узоқ умр кўриб, бу дунёдан тинчгина кўз юмасан, — деган овоз келди. — Авлодларинг эса тўрт юз йил5 бегона юртда келгинди бўлиб яшайди. Қулликда жабр-зулм кўради. Кейин Мен ўша юрт эгаларини жазолаб уларни озодликка олиб чиқаман. Тўрт наслдан кейин, амўрийлар гуноҳи авжига етгач, улар бу ерга яна қайтиб келишади».

Кун ботиб қоронғи тушгандан сўнг, тутаб турган бир тандир ва ёниб турган бир машъалга ўхшаш нарса кўринди ва кесилган қурбонликлар орасидан ўтди. Шу йўсинда Оллоҳ таоло Иброҳим (а.с.) билан аҳд боғлади ва: «Шу ерни сенинг авлодларингга бераман», деб ваъда қилди.

АҲД ҲАҚИДА ТУШУНЧА

Аҳд ҳақида икки оғиз тушунча берсак. Ўша даврда аҳд деган сўз икки томоннинг ўзаро янги бир муносабат бошлаганини, яъни энди улар бир-бирига бегона эмас, балки яқин шахсларга, вафодор одамларга айланганини билдирган. Шу сабабдан аҳд сўзи қадимий китобларда кўпинча “вафо” сўзи билан бирга келади. Аҳд тушунчаси, демак, бурч ва масъулиятни ўз ичига олади. Худо Иброҳим (а.с.) га: “Мен сен билан аҳд туздим”, дер экан, бунинг маъноси: “Мен ҳамиша сенга содиқ бўламан, берган ваъдаларимни амалга ошираман”, деганидир. Аҳдга кирган одам Оллоҳнинг ваъдаларига, яъни, аҳднинг баракаларига шерик бўлади. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтсак: Оллоҳ билан қилинган аҳд фақат бир насл учун эмас (яъни фақат шу одамнинг ўзи учун эмас), балки унинг авлодларига ҳам тегишли бўлган. Шу сабабдан Иброҳим (а.с.): «Менинг фарзандларим йўқ, меросим хизматкоримга қоладими?» деб ҳайрон бўладилар. Лекин Оллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «Йўқ, Мен сенга фарзандлар бераман. Мана шу ерларни сенинг авлодларинг мерос қилиб олади», деб марҳамат этади.6

АҲД ОРҚАЛИ БЕРИЛГАН ВАЪДАЛАР

Шундай қилиб Оллоҳ ҳазрати Иброҳимга учта нарсани ваъда қилди. Нималарни?

~ авлодлари кўп бўлишини,

~ ерни унинг авлодлари мерос олишини,

~ ҳамда унинг зуррияти орқали ер юзидаги ҳамма халқларга барака улашишни ваъда берди.

Ҳолбуки, Иброҳим (а.с.) ўшанда бефарзанд бўлиб, Канъон сарҳадида чодирларда яшаб юрган, ўз уйига ҳам эга бўлмаган бир мусофир эдилар.