Пайғамбарлар тарихи

Ҳожар онамизнинг тарихи

―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――

Ҳазрати Иброҳимнинг аёли Сора ҳеч туғмас эди. Шунга у бир куни эрига мисрлик жорияси ҳақида гапириб: «Мана, Оллоҳ менга фарзанд бергани йўқ. Сиз энди Ҳожарнинг ёнига киринг, балки ундан фарзандли бўларман», деди. Расулуллоҳ рози бўлдилар.

Шу тариқа, Канъонга кўчиб келганларига ўн йил бўлганда, Сора Биби (р.а.) мисрлик жорияси Ҳожарни эрига хотинликка олиб берди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, Ҳожар ҳомила бўлди. Ҳомила бўлганини билгач, кундошига — Сора Бибига паст назар билан қарай бошлади.1

Шунда Сора онамиз расулуллоҳнинг олдига келиб шикоят қилди: «Ҳаммасига сиз жавобгарсиз! Бу жорияни сизнинг қўйнингизга мен солган эдим. Бўйида бўлдию мени назарига илмай қўйди. Худонинг Ўзи орамизда қазоват қилсин!» деди.

Иброҳим (а.с.) эса: «У ўз мулкинг! Нима десанг де!» деб жавоб қилдилар. Шундан сўнг Сора (р.а.) жориясини қийнай бошлади. Охири Ҳожар онамиз у ердан қочиб кетди.2

ХУДОНИНГ ФАРИШТАСИ ҲОЖАР БИБИНИ ЙЎЛДАН ҚАЙТАРАДИ

Чўлда, Шур йўлидаги чашма бўйига етиб борганида Оллоҳ таолонинг фариштаси Ҳожар (р.а.) га зоҳир бўлди ва: «Эй Соранинг жорияси Ҳожар! Қаердан келяпсан, қаерга кетяпсан?» деб сўради. Ҳожар Биби: «Бекамнинг олдидан қочиб келяпман», деб жавоб берди.

«Йўқ! — деди фаришта унга. — Бекангнинг олдига қайт. Айтганини қил! Оллоҳ таоло сени қўллайди. Сенинг наслингни шунчалик кўпайтирадики, ҳеч ким сон-саноғига етолмайди. Мана, сен ҳомиладорсан, ўғил туғасан. Ўғлингга “Исмоил” деб от қўясан.3 Чунки Оллоҳ зорингни эшитди. Ўғлинг бургут каби эрксевар ва дашт отидек мустақил инсон бўлади. Ҳамма укаларидан айрилиб алоҳида яшайди. Унинг қўли ҳамманинг ёқасида, ҳамманинг қўли унинг ёқасида бўлади», деди.

ИСМОИЛ (А.С.) НИНГ ТУҒИЛИШИ

Шундай қилиб Ҳожар онамиз Сора Бибининг олдига қайтди. Ой-куни тўлиб расулуллоҳга ўғил туғиб берди. Иброҳим пайғамбар ўғлига Исмоил деб от қўйдилар. (Ўшанда у киши саксон олти ёшда4 эдилар.)