Пайғамбарлар тарихи

Садўм ва Ғамўра ҳикояси

―― ✼ ― ✼ ― ✼ ――

Қиладиган ишимни Иброҳимдан яшираманми? — дейди Оллоҳ. — Мен уни, ўз фарзандлари ва хонадонини одил ва солиҳ амалларга ўргатсин, Оллоҳ йўлида раҳнамолик қилсин, деб танлаганман. Чунки унга берган ваъдамни амалга ошириб, ундан буюк қудратли халқ яратаман, ердаги ҳамма миллатларга Иброҳим орқали барака улашаман».

КЕЛИШДАН МАҚСАД

Меҳмонлар кейин ўринларидан туриб Садўмга қараб йўлга тушадилар.1 Расулуллоҳ ҳам кузатиб қўйиш учун улар билан бирга кетди. Улар у кишига: «Садўм ва Ғамўрадаги одамлар гуноҳ ишларга ботган, — дедилар. —Уларнинг дастидан доду фарёд қилаётган одамлар жуда кўп. Шунинг учун бориб, арши аълогача етган бу фарёдни тафтиш қилмоқчимиз».2

ИБРОҲИМ (а.с.) НИНГ ДУОСИ...

«Ё Раббим, нахотки Сен солиҳларни ҳам ёмонлар билан бирга нобуд қилсанг? — деб дуо қиладилар расулуллоҳ. — Агар у ерда эллик яхши одам топилса, шаҳарни вайрон қилмасанг керак? Ёмонларга қўшиб яхшиларни ҳалок этмассан?! Ё раббал-оламийн, Сен ҳамиша адолат билан ҳукм қиласан-ку».

«Ҳа, — деди Оллоҳ. — Агар Садўмда эллик яхши одам топилса, шаҳарни вайрон қилмас эдим».

«Ё Раббим, мен қулинг ҳеч нарсага арзимасам ҳам гапиришга рухсат бер, — деди Иброҳим (а.с.). — Агар қирқта одам топилса-чи?»

«Қирқта одам учун ҳам шаҳарни сақлаб қолардим», деди Худо.

«Ё Раббим, кўп гапирсам қаҳринг келмасин, мабодо фақат ўттизта яхши одам топилса-чи, унда нима бўлади?»

«Ўттизта одам топилса ҳам шаҳарни вайрон қилмайман», деди Худо.

«Ё Эгам, гапиришга журъат этганим учун кечир; агар фақат йигирма одам бўлса-чи?» «Йигирма одам учун ҳам», деди Оллоҳ.

Расулуллоҳ яна кечирим сўраб: «Агар ўнта одам бўлса-чи? Ўнта одам топилса нима қилардинг?» деб сўради. «Ўнта одам учун ҳам шаҳарни вайрон қилмасдим, — деб жавоб берди Парвардигор. — Аммо Биз у ерда бир хонадондан бошқа мусулмон топмадик».3

ШАҲВАТ БАНДАЛАРИ

Фаришталар Садўмга кеч кирганда етиб келдилар. Улар шаҳарга кирган пайтда ҳазрати Лут4 дарвоза қаршисида майдонда ўтирган эдилар. Меҳмонларни кўриб ўрнидан турди-да, таъзим қилиб деди: «Марҳамат, бизнинг уйимизда меҳмон бўлинг. Кечани бизникида ўтказасиз. Кейин эртага борадиган жойларингизга бораверасиз». «Йўқ, биз кечани шаҳар майдонида ўтказамиз», дейишди улар. Лекин Лут (а.с.) “юринг-юринг” қилавергач унинг уйига бордилар.

Кечки таомдан сўнг ҳали уйқуга ётмаган пайтда, Садўмнинг тўрт буржидан ёшу қари эркаклари йиғилиб келиб, Лут (а.с.) нинг уйини ўраб олишди ва: «Э Лут, э Лут, бугун сеникига келган одамлар қани? Олиб чиқ, уларнинг маззасини тотиб кўрайлик», деб бақира бошладилар.5

Шунда ҳазрати Лут ташқарига — оломон олдига чиқиб эшикни ёпди-да уларга: «Акалар, бу гуноҳ ишни қилманглар, — деди. — Мана, менинг иккита бокира қизим бор. Хоҳласангизлар олдингизга чиқараман, нимаики қилсангиз қилинг. Фақат бу одамларга тегманглар. Ахир улар менинг меҳмонларим!»

«Қоч йўлдан! — деб бақирди улар. — Ким ўзи бу, келгинди! Бизга хўжайин бўлиб қолдингми?! Энди сенга бундан бадтарини қиламиз», деб Лут (а.с.) га ташланиб, эшикни бузмоқчи бўлишди.

Шунда ичкарида турган меҳмонлар қўл узатиб, Лутни тортиб олдилар ва эшикни ичидан бекитиб қўйдилар. Кейин ташқаридаги одамларнинг ҳаммасининг, каттасидан кичигигача, кўзини кўр қилдилар.6 Кўзлари ҳеч нарсани кўрмай, ҳеч қайсиси эшикни тополмай қолди.

ГУНОҲ УЧУН БЕРИЛГАН ЖАЗО

«Маълумки, сиздан аввалги миллатларга ҳам элчилар юборганмиз. Шояд тавба-тазарруъ қилсалар, деб уларни бало ва зиёнлар билан ушлаганмиз. Бизнинг балойимиз етганда ҳам тазарруъ қилмадиларми?! Лекин уларнинг диллари қотиб қолган ва шайтон уларга ўзлари қилиб юрган ишларини чиройли кўрсатиб қўйгандир» (Анъом сураси, 42-43).

«Биз шаҳарни бутунлай вайрон қиламиз, — дейишди фаришталар Лутга. — Бу одамларнинг дастидан шунчалик кўп оҳу нола кўтарилдики, Худо охири бизни шаҳарни йўқ қилиш учун юборди. Бу ерда яна киминг бор? Ҳаммасини олиб, тез шаҳарни тарк эт».

Нима деб ўйлайсиз, агар бутун шаҳар аҳолиси гуноҳга шунчалик берилган бўлса, ким уларнинг дастидан Худога оҳу нола қилган экан?

Фараз қилинг, сиз хотин-бола-чақангиз билан сафарда эканингизда йўлингиз ана шу шаҳарга тушди. Садўм аҳолиси меҳмондўст эмас эди. Унда кечани қаерда ўтказасиз? Тўғри, кўчада. Лекин агар кўчада қолсангиз, улар сизга нима қилишади?.. Тўғри... Кейин сиз додингизни кимга айтасиз? Худога. Фаришталарнинг айтиши бўйича, бу одамларнинг дастидан шунчалик кўп оҳу нола кўтарилган эдики, асти қўяверасиз.

Кейин Лут (а.с.) бориб, қизларини унаштирган куёвларига: «Тез бўлинглар, бу ердан кетиш керак! Оллоҳ шаҳарни вайрон қилмоқчи!» деди. Лекин улар Лутни ҳазиллашяпти, деб ўйладилар.

Тонг ёришганда, фаришталар Лут (а.с.) ни қистаб: «Бўл тез-тез, хотининг билан қизларингни олиб жўна, бўлмаса ўласан», дейишди.

Бироқ у иккиланаётган эди. Шунда, Оллоҳнинг марҳаматини кўрингки, фаришталар уни, хотинини ва икки қизини қўлларидан ушлаб, шаҳар ташқарисига чиқариб қўйдилар.

«Ҳеч ерда тўхтаманглар, — деди фаришталардан бири. — Орқангларга қараманглар. Тоққа қараб қочинглар, бўлмаса ўласизлар!»

«Йўқ, ҳазратим! — деб ялинди Лут (а.с). — Мана, каминадан рози экансиз, жонимизни қутқариб бизга яхшилик қилдингиз. Бироқ тоққа қочолмаймиз, тоққа етмасимиздан, фалокат остида қолиб ҳалок бўламиз. Мана, нарироқда кичкина бир шаҳар бор, кичкинагина шаҳарча. Ўша ерга бориб, жонимизни қутқарсак...», деди.

«Яхши, — деди фаришта. — Тилагингни қабул қилдим. Сен айтган шаҳарни вайрон қилмайман. Энди тез бўл, жонингни қутқар! Чунки сен то у ерга бормагунингча мен ҳеч нарса қилолмайман». (Шунинг учун ҳам кейинроқ бу шаҳарга Суғар деб ном берилган.)7

Лут (а.с.) Суғарга қуёш чиқаётганда етиб бордилар. Кейин Оллоҳ таоло Садўм ва Ғамўра шаҳарлари устига осмондан ёниб турган тошлар ёғдира бошлади. Водийдаги бошқа шаҳару қишлоқлар ҳам, у ерларда яшайдиган бутун тирик мавжудот майсаю дарахтлар билан бирга куйиб нобуд бўлди.8 Лут (а.с.) нинг хотини орқасига қараган эди, туз устунига айланиб қолди.

Иброҳим пайғамбар ўша куни вақтли ўрнидан турган ва Садўм тарафга қараб йўлга тушган эдилар. Водийга яқинлашиб, Садўм билан Ғамўра шаҳарларига узоқдан назар солдилар. Ҳамма ёқдан ўчоқдан чиқаётгандек тутун чиқаётган эди. Худо бу шаҳарларни нобуд қилаётганда Иброҳим (а.с.) сабабли Лутни фалокатдан сақлаб қолган эди.9

ҲАЗРАТИ ИСҲОҚНИНГ ТУҒИЛИШИ

Оллоҳ таоло берган ваъдасини амалга оширди: Соро онамиз ҳомила бўлиб, Иброҳим (а.с.) га айтилган вақтда ўғил туғиб берди.

Расулуллоҳ ўғлига Исҳоқ деб от қўйдилар ва Оллоҳ амр қилганидек, уни саккизинчи куни хатна қилдилар. Ўшанда у киши юз ёшга10 кирган эдилар.

«Худо менга кулги юборди, — дерди Соро (р.а.). – Энди эшитган одамлар мен билан бирга кулади.11 Ким ҳам мени бир кун чақалоқ эмизади, деб ўйлаган эди?! Хўжайинимга қарigan чоғида ўғил туғиб бердим!»