Пайғамбарлар тарихи

Иброҳим халилуллоҳ қиссаси

«Оллоҳнинг Сўзи ростдир. Бас, Ҳақ Йўлдан тоймаган ва мушриклардан бўлмаган Иброҳимнинг миллатига эргашинглар» (Қуръон, Оли-Имрон сураси, 95).

ИБРОҲИМ ПАЙҒАМБАРНИНГ ОТАСИ

Торуҳдан Иброҳим, Ноҳур ва Ҳорон деган уч ўғил туғилди. Улар ўша пайтда калдонийларнинг Ур деган шаҳрида яшар эдилар. Ҳорон кейин уйланиб, Лут деган ўғил, Милка ва Иска деган қизлар кўрди. Кейинроқ у, отаси тириклигида, ўша юртда — Ур шаҳрида оламдан ўтди. Иброҳим ҳам уйланди.

Лекин унинг хотини Сора ҳеч ҳомила бўлмас эди. Кунлардан бир кун Торуҳ, фарзандларини олиб, Канъон юртига қараб йўл олди. Лекин Ҳоронга1 келганда, баъзи бир сабаблар билан ўша ерда қолиб кетдилар.

Иброҳим (а.с.) нинг ёшлиги

Китобларда ёзилишича Иброҳим (а.с.) нинг қавми жонсиз бутларга сиғинар, тирик Оллоҳни тан олмас эди. Иброҳим эса: «Дунёнинг эгаси борми? Бутун оламлар рабби ким экан?» деган саволларга жавоб изларди.

Оллоҳни излаш

«Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу менинг Раббим», деди. Юлдуз ботиб кетганида эса: «Ботувчиларни ёқтирмадим», деди. Чиқаётган ойни кўргач: «Мана шу менинг Раббим», деди. (Лекин ой ҳам ботиб кетди.)

Ботганида: «Адашибман. Агар Раббим тўғри йўлга бошламаса, албатта адашувчилардан бўламан», деди. Чиқаётган қуёшни кўрганда: «Мана шу менинг Раббим. Бу каттароқ», деди. У ҳам ботиб кетгач, (буларнинг ҳаммасини яратган ва булардан улуғроқ бир зот бўлиши керак, деб ўйланиб қолди. Кейин:) «Эй қавмим, мен сиз ширк келтираётган нарсадан воз кечдим, — деди. — Мен юзимни осмонлару ерни яратган зотга бурдим, тўғри йўлни истайман, мушриклардан эмасман», деди».2

Шундай кунларнинг бирида Оллоҳ азза ва жалл у кишига ваҳий нозил қилиб: «Аслим», деди. Маъноси: «Менга таслим бўл», дегани. Иброҳим (а.с.) дарров: «Асламту лираббил-аъламийн»3 яъни: «Оламлар Раббига таслим бўлдим, иймон келтирдим», дедилар. Шундан кейин отасини ва қавмини бутларга топинишдан тўхтатиб, ягона Оллоҳга, еру кўкнинг эгасига қайтармоқчи бўлдилар.

БУТЛАРНИ ПАРЧАЛАШ

«У отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» деди. Улар: «Санамларга ибодат қилмоқдамиз. Ва уларга ихлос билан ибодат қилишда давом этамиз», дедилар. У: «Илтижо қилганингизда улар сизни эшитадими? Ёхуд наф ёки зарар етказа оладими?» деди. Улар: «Йўқ, лекин ота-боболаримиз шундай қилган, биз улардан шундай кўрганмиз», деб жавоб бердилар».4

Бир куни байрам бўлди. Ҳамма байрамга кетгач, Иброҳим (а.с.) болта кўтариб бутхонага бордилар ва бутларнинг олдида турган емакларни кўриб дедилар: «Қани, емайсизларми?! Сизларга нима бўлди?! Гапирмайсизларми?!» Сўнг уларга яқинлашиб, уларни ура бошлади.5

Қуръоннинг Анбиё сурасида: «Бас, уларни парча-парча қилиб ташлади. Магар энг каттасини»,6 деб ёзилган. Кейин болтани ўша катта бутнинг бўйнига осиб, бутхонани тарк этадилар.

Бироз вақтдан сўнг одамлар байрамдан келиб, бутларнинг синиб ётганини кўрдилар ва ғазабланиб, Иброҳим (а.с.) ни олиб келдилар: «Худоларимизга буни сен қилдингми, эй Иброҳим?!» У киши эса: «Йўқ, буни мана буниси, каттаси қилди. Агар гапирсалар, ўзларидан сўраб кўринглар»,7 дедилар калака қилиб. Шунда улар: «Сен бутларнинг гапира олмаслигини биласан-ку!» дедилар. У киши эса: «Унда нега Оллоҳни қўйиб, на фойда, на зарар бермайдиган нарсаларга ибодат қиласиз?!» дедилар.

Расулуллоҳни оловга ташлайдилар

Шундан кейин ўша қавмнинг қироли8 Иброҳим (а.с.) ни ҳузурига чақиртириб: «Сенинг худойинг ким, сен ўзи уни кўрганмисан?» деб савол беради. Расулуллоҳ жавоб бериб айтадиларки: «Менинг Раббим тирилтиргувчи ва ўлдиргувчи». У эса: «Мен ҳам бунга қодирман, — дейди. — Икки одам ўлимга буюрилса, бирини ўлдираман, бирини эса афу этаман». Шунда Иброҳим (а.с.): «Оллоҳ қуёшни шарқдан чиқаради, сен агар қодир бўлсанг, ғарбдан чиқариб кўр-чи!»9 дейдилар. Қирол жавоб беролмай, лол қолади.

Шундан сўнг қирол, Оллоҳнинг расулини ўтда ёқиб ўлдиришга қарор қилади. Шу мақсад билан катта бир чуқур тайёрлаб ичига узоқ ёнадиган ўтинларни йиғдиради. Ҳамма нарса тайёр бўлгач, катта гулхан ёқиб,10 Иброҳим (а.с.) ни оловга ташлайдилар.

ҚИССАДАН ҲИССА

Иброҳим (а.с.) Оллоҳга таваккул қилганлари учун, ҳатто ўтда куйдирамиз, десалар ҳам иймонидан воз кечмадилар. Бундай ҳолатда ҳар бир мўъмин Оллоҳнинг нусратига умид боғлайди. Ахир Оллоҳ истаса, ўт балосидан ҳам, сув балосидан ҳам сақлайди-ку. Лекин ҳатто сақламаса ҳам, биз иймонимизни қўлдан бой бермаслигимиз лозим.

Иброҳим (а.с.) оловга отилганда Оллоҳ таоло у кишини сақлади. Қуръони каримда: «Эй олов, сен Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!»11 деб айтилган амр бор. Чунки қавми ҳазрати Иброҳимга ёмонликни хоҳлаган бўлса-да, Оллоҳ уларнинг ўзларини зиёнкорлардан қилиб қўйди.